19 April 2019
01:17 - АҚШ Адлия Вазирлиги Россиянинг 2016 йилги президент сайловига аралашуви бўйича тергов ҳисоботини эълон қилди. Доналд Трамп ва Абдураҳим Пўлатни ғалаба билан табриклаймиз!

Маълумки, 2017 йилнинг бошларидан бери, аниқроғи, 22 ойдан бери АҚШнинг махсус прокурори Роберт Миллер Россиянинг 2016 йилги президент сайловига аралашуви ҳақидаги иддаоларни текшириш мақсадида тергов ишлари олиб борган ва яқинда ўз ҳисоботини АҚШ Адлия Вазири Уилям Баррга топширган эди. Уилям Баррнинг тақими бу ҳисоботни яхшилаб ўрганиб чиққани ва бу ҳисоботда Трамп Россия билан яширинча шериклик қилгани ҳам, Трамп адолатнинг йўлини тўсишга ҳаракат қилгани ҳам исботланмаганини 2019 йил 24 мартда эълон қилган эди.

Кеча 17 апрель куни АҚШ Адлия Вазирлигининг сайтида бу ҳисобот бироз қисқартирилган ҳолда эълон қилинди. 448 саҳифали ҳисоботнинг тўла номи - Report On The Investigation Into Russian Interference In The 2016 Presidential Election (2016 йилги Президент Сайловида Россия Аралашувига Оид Тергов Ҳисоботи).

Бу ҳисоботни ўқиш ва анализ қилишга ҳам сабр-тоқатимиз етмади, бунинг ўрнига 24 март куни саҳифамизда эълон қилинган хабардаги хулосани қайтарамиз.

«Нима ҳам дердик, АҚШ Президенти Доналд Трампни бу босқичдаги ғалабаси билан ҳам чин кўнгилдан табриклаймиз.

Эслатиш керакки, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат 2016 йил 1 февралда ўша пайтдаги АҚШ Президенти Барак Обамага ёзган хатида 8 ноябрда бўладиган президент сайловларида Доналд Трамп ғалаба қозонишини башорат қилган, АҚШнинг сиёсий элитаси ва асосий оммавий ахборот воситалари Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлашларига қарамасдан, “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги охирги кунгача Доналд Трамп ғалаба қозонишини урғулаб келган эди.

Демак, Абдураҳим Пўлатни ҳам табриклаш керак. Расмда – Абдураҳим Пўлат ва Доналд Трампни кўрмоқдасиз.»

Жойи келгани учун қайтариш керакки, махсус прокурор Роберт Миллер феълан Трампнинг душманлари берган топшириқни бажариб, кеча ҳисоботи эълон қилинган терговни бошлагандан кейин, “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги бу тергов 2016 йилги президент сайловида мағлубиятга учраган АҚШнинг энг катта оммавий ахборот воситалари ва бу мамлакатнинг сиёсий элитаси алам билан бошлаган иш эканлигини, аммо Трамп ғалаба қозониши муқаррар эканлигини тўхтовсиз гапириб келарди. Айнан шундай бўлди.