18 April 2019
07:13 - Кичик қизи Шаҳнозадан кейин, катта қизи Саидани ҳам юқори лавозимларга судрашга бошлаган Шавкат Мирзиёнинг имижи янада тезроқ тушишга бошлаши аниқ!

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё кичик қизи Шаҳноза Мирзиёевани (оилавий расмда энг ўнгда) 2018 йилнинг бошидаёқ Мактабгача Таълим Вазирлигида Бошқарма бошлиғи, айни замонда вазир ўринбосари қилиб қўйган эди. Яқин орада вазир қилиб қўйса керак. Шаҳнозанинг эри Отабек Умаров 2017 йилнинг бошидан бери Президентнинг Хавфсизлик Хизматида ишлайди (оилавий расмда Шаҳнозанинг ёнида турибди).

Энди гал Шавкат Мирзиёнинг катта қизи Саидага келибди. Бундан бир неча кун аввал, аниқроғи, 2019 йил 12 апрелда, Шавкат Мирзиё катта қизи Саида Мирзиёевани (алоҳида расмда) ўз Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлиги директорининг ўринбосари этиб тайинлади.

Саида Мирзиёева Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлигида Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имижини шакллантириш – PR-марказ вазифасининг ижроси, шунингдек, Агентликнинг давлат органлари ва ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул бўлиши ҳам хабарларда айтилган. Унинг турмуш ўртоғи Ойбек Турсунов ҳам давлат ишларида ишлайди.

Муҳим бўлгани, Ойбек Турсуновнинг отаси, яъни Шавкат Мирзиёнинг қудаси Ботир Турсунов яқингача Миллий Гвардия раҳбарининг ўринбосари эди, Метрономнинг хабарига кўра, у 2019 йил 3 февралда Давлат Хавфсизлик Хизмати (собиқ Ўзбекистон КГБси) раҳбарининг 1-чи ўринбосари этиб тайинланди. Ойбек Турсуновнинг акаси Улуғбек Турсунов – Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси бошлиғининг 1-чи ўринбсаридир.

Жойи келгани учун айтиш керакки, Шавкат Мирзиё ўз амакисининг ўғли Мухтор Мирзиёевни Давлат Хавфсизлик Хизматининг Ички Хавфсизлик Бўлимига раҳбар қилиб қўйган.

Ўзбекистондаги тожиклар режимининг қўғирчоқ ахборот воситаларида Саида ва Шаҳноза Шавкат Мирзиёнинг қизлари эканлиги, Шавкат Мирзиё ҳақиқий диктаторлигини кўрсатиб, ўзига яқин одамларни муҳим лавозимларга тайинлаётгани мутлақо тилга олинмайди. Аммо, СA-news.org каби русларнинг Интернет нашрларида Саида ва Шаҳноза Шавкат Мирзиёнинг қизлари эканлиги очиқча айтилган.

Шавкат Мирзиё Ўзбекистонни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш йўналишида ҳеч нарса қилмаётганидан ташқари, ҳамма ерга ўз одамларини тиқиштираётгани туфайли, унинг халқаро саҳнадаги обрўси/имижи тезлик билан тушиб бормоқда. Шундай пайтда Шавкат Мирзиё ўз имижини қизининг қўли билан яхшилаши мумкинлигига ҳеч ким ишонмайди. Аксинча, унинг имижи тушишининг тезлиги ортади.