18 April 2019
00:34 - Отатуркчи Акром Имомўғли Истанбул ҳокими гувоҳномасини олди, кейин аввалги ҳоким унга ваколатларини топширди

Маҳаллий вақт билан 17 апрель куни пешиндан кейин, отатуркчиларнинг Жумҳурият Халқ Партияси ва Яхши Партия биргаликда тузган “Миллат Иттифоқи” коалицияси номидан Истанбул вилоят ҳокимлигига номзод қилиб кўрсатилган ва 31март куни сайловларда ғалаба қозонган Жумҳурият Халқ Партияси фаоли Акром Имомўғлига ниҳоят ҳокимлик гувоҳномаси топширилди.

Сайловлардан кейин ўтган 17 кундан бери турли аризалар билан Акром Имомўғлининг йўлини тўсиш учун тўхтовсиз ҳаракатда бўлган Президент Ражаб Эрдўған раҳбарлигидаги исломчиларнинг Адолат ва Траққиёт Партияси ниҳоят ўз мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.

Акром Имомўғли (Ekrem İmamoğlu) ҳокимлик гувоҳномасини олар-олмас уни Жумҳурият Халқ Партияси лидери Кемал Қиличдорўғли ва Яхши Партия лидери Мерал Акшинер яна бир марта табрикладилар.

Эслатиш керакки, 1994 йили Истанбул ҳокимлигига биринчи марта исломчи Ражаб Эрдўған сайлангандан бери, у ерда ҳокимият исломчилар қўлида эди. Мана, 25 йилдан кейин дунёнинг энг катта шаҳри бўлган Истанбулда ҳокимият отатуркчилар қўлига қайтди.

Кеча маҳаллий вақт билан ярим кечасига яқин Истанбулнинг аввалги ҳокими, исломчи Мевлют Уйсал отатуркчи Акром Имомўғлига ўз ваколатларини ва ўз иш ерини топширди. Расмда - чапда Мевлют Уйсал, ўнгда Акром Имомўғли.