01 April 2019
20:13 - Отатуркчи Акром Имомўғли Истанбул ҳокими бўлди

Туркиядаги катта шаҳарларнинг ҳаммасида сайлов протоколларнинг 100 фоизи Марказий Сайлов Комиссияси тарафдан кўриб чиқилди. Истанбулда 10 миллион 560 минг 963 сайловчидан 8 миллион 866 минг 563 нафари овоз беришда қатнашибди. 4 миллион 170 минг 116 нафар сайловчининг овозини олган Акром Имомўғли (Ekrem İmamoğlu) дунёнинг энг катта шаҳари Истанбулнинг ҳокими бўлди.

25 йил аввал, яъни 1994 йилда ҳозирги Президент Ражаб Эрдўған Истанбул ҳокими этиб сайлангандан бери бу шаҳарда ҳокимлик исломчилар қўлида бўларди. Мана, 25 йилдан кейин ҳокимлик яна отатуркчиларнинг Жумҳурият Халқ Партиясига (ЖХП) ўтди. Унутмайликки, Акром Имомўғли ЖХП ва Яхши Партия биргаликда тузган “Миллат Иттифоқи” коалициясининг номзоди сифатида ғалаба қозонди.

Ҳеч шубҳа йўқки, Туркияда ҳокимиятда ўтирган исломчилар турли аризалар билан Акром Имомўғлини Истанбул ҳокими лавозимига ўтказмаслик учун ҳаракат бошлайдилар, аммо ҳеч нарса қилолмайдилар. Чунки, сайлов комиссияларининг ҳаммаси уларнинг қўлида эди, улар бирон нарсани сохталаштирган бўлишлари мумкин эмас.