01 April 2019
18:52 - Туркиядаги сайловларда сенсация: 6 та катта шаҳарнинг 5 тасида отатуркчиларнинг номзодлари ғалаб қозонди. Бу воқеалар ҳаммага дарс бўлиши керак, Шавкат Мирзиёга ҳам!
Кеча Туркияда маҳаллий ҳокимлар сайланди. Ҳозиргача сайлов участкаларидан келган протоколларнинг 99 фоиздан кўпроғи Марказий Сайлов Комиссиси тарафидан кўриб чиқилди. Энг катта шаҳарлардан (Истанбул, Анқара, Измир, Бурса, Анталия, Адана) 5 тасида (Истанбул, Анқара, Измир, Анталия, Адана) “Миллат Иттифоқи” коалициясининг Жумҳурият Халқ Партияси тарафидан кўрсатилган номзодлари ғалаба қозондилар.

Исломчилар (Адолат ва Тараққиёт Партияси) ва собиқ отатуркчилар (Миллиётчи Ҳаракат Партияси) коалицияси, яъни “Жумҳур Иттифоқи” Истанбул ва Анқарадаги мағлубиятини тан олмаяпти ва олмоқчи ҳам эмас.

Туркия бўйича Адолат ва Тараққиёт Партиясига берилган овозлар 44,3 фоиз, Жумҳурият Халқ Партиясига берилган овозлар 30,1 фоиз бўлса ҳам, 6 та катта шаҳарнинг 5 тасида “Миллат Иттифоқи” ғалаба қозонгани ҳақиқий сенсациядир. Шундай бўлишини ҳатто “Ҳаракат” Агентлиги аввалдан башорат қилганини ҳисобга олсак ҳам, бу воқеа ростакам сенсация бўлиб қолади.

Унутмайликки, денгизларга яқин бўлган катта шаҳарларда (Анқарадан ташқари) ва пойтахт Анқарада 21 асрнинг моҳиятини тўғри тушунадиган одамлар кўпчиликни ташкил қилади. Шу сабабдан, бу шаҳарларда кўпчилик отатуркчиларни қўллаб-қувватлаётгани тушунарлидир.

Денгизлардан узоқда бўлган Туркиянинг ўрталаридаги вилоятларда кўпчиликнинг менталитети ҳалигача ўрта асрлар даражасида. Шу сабабли у ерларда ислом фанатикларига овоз берувчилар кўпроқ.

Бу сайловларни яна бир нарсани кўрсатди. “Миллат Иттифоқи” коалициясига кирувчи Яхши Партия аввалги сайловларда собиқ отатуркчиларнинг Миллиётчи Ҳаракат Партиясидан кам овоз оларди. Кечаги сайловларда Яхши Партия 7,4% овоз олиб, биринчи марта 7,3% овоз олган Миллиётчи Ҳаракат Партиясидан олдинга чиқди. Унутмайликки, Яхши Партия айнан шу Миллиётчи Ҳаракат Партиясидан чиқиб кетганлар тарафидан тузилган эди.

Яна эслатиш керакки, 2017 йил 15 апрелда Туркияда ўтказилган референдумда давлат президентига диктаторлик даражасида ваколатлар бериш қарори 51 фоиз овоз билан қабул этилган эди. “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси лидери Абдураҳим Пўлат референдум арафасида Туркия халқига мурожаат қилиб, ўзи Истанбулда яшаган йиллари ўша пайтдаги Истанбул ҳокими Ражаб Эрдўғандан ёрдам олганини ҳам эслатган ва ҳаммани ҳозир Президент лавозимига чиққан Ражаб Эрдўған уюштирган референдумда “йўқ” деб овоз беришга чақирган эди. Шубҳасиз, бу чақириқ туркларнинг қандайдир қисмига етиб борди ва ўз таъсирини кўрсатди.

Бундай нарсаларни тушунмайдиган Ражаб Эрдўған ўша референдумдан кейин ростакам диктаторга айланиб, партия раиси ва Бош вазирликни ҳам қўлига олволганди. Аммо, кўриб турибмизки, у ўз ҳукмини айниқса катта шаҳарларда ўтказолмаяпти, чунки, бундай шаҳардагиларнинг кўпчилиги ислом фанатизмини қабул қилмаяпти ва қилмайди.

Бу жараёнлар ҳаммага дарс бўлиши керак. Ражаб Эрдўғаннинг маслаҳатлари билан Ўзбекистонда жамиятни исломлаштириш йўлига тушган Президент Шавкат Мирзиёга ҳам.

Расмда - Ислом дунёсида биринчи дунёвий/секуляр давлат яратган ва замонавий Туркиянинг пойдеворини қуриб кетган буюк Отатурк.