20 March 2019
16:00 - Сенсация эмас: Қозоғистоннинг кейинги президенти Дариға Назарбой бўлади, бугунгиси Қосим-Жомарт Тоқаев, кечагиси Нурсултон Назарбой эди

Бугун Қозоғистонда инаугурация, яъни янги президентнинг халқ олдида қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтди. Шу билан Сенет раиси Қосим-Жомарт Тоқаев расман президентлик курсисига ўтирди. Сенат раиси ўрни бўшади.

Бундан ҳам муҳимроқ воқеа Нурсултон Назарбойнинг катта қизи Дариға Назарбой бир овоздан шу бўшаган ўринга, яъни Сенат раиси лавозимига сайланди. Яширин овоз беришда қатнашган 44 сенаторнинг ҳаммаси унинг номзодини қўллаб-қувватлашибди.

Маълумки, Дариға Назарбойнинг эри мустақиллик йилларининг бошида Нурсултон Назарбойга қарши чиққан, қотилликлар уюштиришда, катта миқдордаги давлат пулларини ўғирлашда айбланач, чет элга қочиб кетган. Аммо, Австрия давлати уни ушлаб, Қозоғистонга қайтармоқчи бўлганда, у ўзини ўзи изоляторда осиб ўлдирган эди.

Дариға Назарбоева 1963 йил 7 майда туғилгани, Киров номидаги Қозоғистон Миллий Университети, Ломоносов номидаги Москва Давлат Университетини тамомлагани, тарих фанлари доктори эканлигини ҳам Қозоғистонда ҳамма билади.

Нурсултон Назарбой мамлакат пойтахтини Олмаотадан Остонага ўтказганда, “Ҳаракат” Агентлиги пойтахтнинг номи ахир бир кун Нурсултон бўлишини башорат қилган эди. Ҳеч шубҳасиз, бу башоратимиз ҳам амалга ошади.

Расмда – Қозоғистоннинг кейинги президенти Дариға Назарбой.