17 March 2019
09:17 - Ҳаммаёқ масхарабозлик: Жиззахда Peugeot-Citroen автозаводи қурилиши, кейин Нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши тўхтатилди. “Ҳаракат”: Халқ майдонларга чиқиши керак!

2018 йил декабрь ойида Жиззах вилоятида французларнинг Peugeot-Citroen микробус ва енгил тижорий автоларини ишлаб чиқарадиган автозаводининг қурилиши тўхтатиб қўйилганди. Ваҳолангки, 2017 йил июнь ойида Шавкат Мирзиёнинг қарори билан “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти ва Франциянинг “Peugeot Citroen Automobiles S.А” компанияси иштирокида “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” қўшма корхонасини ташкил этилган ва бу қўшма корхона, яъни завод 2019 йил январидан ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлаши керак эди.

Аммо, Ўзбекистон тарафи бу қурилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганидан ғазабга келган Франция тарафининг талаби билан қурилиш тўхтатилганди.

Ҳозир яна бир нохуш хабар келди. Бу вилоятда нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши тўхтатилибди. “Нефтегазинвест” директори ўринбосари Ҳусниддин Тўраевнинг айтишича, қурилиш ишлари ҳозир вақтинча тўхтатилган, завод қурилишини қайта бошлаш Бухоро ва Фарғонадаги нефтни қайта ишловчи заводларида модернизация ишлари якунланиши билан боғлиқмиш.

2017 йил апрелида Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этган Шавкат Мирзиё шундай деган эди: “Бу янги завод, ҳеч шубҳасиз, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасидаги ноёб саноат объектларидан бирига айланади”.

2,2 миллиард долларга баҳоланган Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи 2021 йилда ишга тушгач, йилига 3,7 миллион тоннадан зиёд мотор ёқилғиси, 700 минг тоннадан зиёд авиакеросин, 300 минг тонна бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариши ҳақида баландпарвоз ваъдалар берилган эди.

Мана қаранг, битта Жиззах вилоятида яхшилаб ўйламасдан бошланган 2 та буюк қурилиш тўхтатиб қўйилди. Ҳеч шубҳасиз, бунинг сабаби - қурилишлар бошланмасдан аввал яхши лойиҳалар яратилмагани ва Шавкат Мирзиёнинг “тезроқ-тезроқ” талаби билан бу қурилишлар бошлаб юборилганидир.

Қизиқ, Шавкат Мирзиё ва унинг ҳукуматидагиларнинг қурилишлар тўхтатилганидан хабари борми? Ўзбекистон ҳали ҳам масхарабозлик руҳидаги ишлар қилиш билан овора бўлиб қолганини тушунаяптиларми? Нима учун мавжуд ҳокимият бу аҳволдан чиқиш учун фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳатлар бошламасдан, косметик ислоҳотлар билан овора? Саволлар кўп, жавоблар йўқ.

Эслатиш керакки, мамлакатимиз демократлари ўзбек миллати ўз тарихида биринчи марта митингга чиққан кун - МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИнинг 30 йиллигини шу йил 19 март куни Тошкентдаги Мустақиллик Майдонида умумхалқ байрам сифатида нишонлашга тайёрланмоқдалар. Бу ҳақда 18 февралдаёқ Тошкент шаҳар ҳокимига расмий хабар берилган.

“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Президент Шавкат Мирзиёга мактуб йўллаб, уни ҳам байрам маросимига таклиф қилди. Ҳамма ватандошларимизни ҳам шу байрамга чақирамиз. Эрталаб соат 11 ларда у ерга келинг, айнан ўша куни, ўша ерда ватан ва миллат олдидаги ҳамма фундаментал муаммоларимизни Шавкат Мирзиё олдига қўйиш, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказишни талаб қилиш мумкин бўлади.

Ўзбек тилини давлат тили қилиш, Ўзбекистонни СССРдан чиқариб олиш талаблари билан "Бирлик" Халқ Ҳаракати 1989 йилда уюштирган намойишлардан бирини расмда кўрмоқдасиз.