15 March 2019
13:15 - Янги Зеландияда 2 мачитга террористик ҳужум бўлди, камида 49 мусулмон ҳалок бўлди, Ислом динида ислоҳотлар ўтказилмаса, бу ҳали ҳолва дейиш керак бўлади
Тинч океанидаги оролда жойлашган Янги Зеландия давлатининг Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидга бугун эрталаб қуролли ҳужум уюштирилиши натижасида 49 мусулмон ҳалок бўлди. Мамлакатнинг Бош вазири Жасинда Ардерн бу ҳужумни террористик деб баҳолаш билан бир қаторда, ҳалок бўлганлар сони яна ҳам ортиши мумкинлигини, чунки ярадор бўлганларнинг ичида оғир аҳволдагилар борлигини урғулади.

Террористик ҳужум уюштирган 4 киши полиция тарафидан қўлга олингани, улардан бири австралиялик оқ танли киши эканлигини ҳам бутун дунёнинг оммавий ахборот воситалари билдирмоқдалар. Масалан, “Миллиёт” газетаси Туркия Президенти Ражаб Эрдўған мачитларга ҳужумларни Ислом душманлари уюштирган қатлиом деб баҳолаганини ва бундай даҳшатли воқеаларнинг олдини олиш кераклигини айтганини билдирди.

Дунёда ислом терроризми кенгайиб борар экан, Ислом динига қора доғлар тушиши кўпаймоқда. Айни замонда, Ислом динининг обрўси тушиб бормоқда. Буларнинг олдини олиш, Ислом динининг обрўсини тиклаш устида ишлаш керак. Бунинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Аммо, мусулмонларнинг ўзи бундай фундаментал ўзгаришларга тайёр эмаслар, демак, инсониятнинг прогрессив қисми мусулмонларга ёрдам бериши шарт. Акс ҳолда, Ислом дунёсининг аҳволи ёмонлашиб бораверади.

Эслатиб ўтамиз, Янги Зеландиянинг аҳолиси сал кам 5 миллион, унинг тахминан ярми насронийлар, 1 фоиздан бироз кўпроғи мусулмонлар.