12 March 2019
22:27 - Шавкат Мирзиёга текин маслаҳат: Рақобатчиликни самарали қилишнинг ягона йўли - ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИга ўтишдир, Сиз эса косметик ислоҳотлар билан оворасиз. 19 март куни Мустақиллик Майдонига келинг!

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё бугун 12 март куни Навоий вилоятига келиб, ҳаммага оламшумул маслаҳатлар бераётгани ҳақида ҳамма қўғирчоқ ахборот воситалари хабар тарқатмоқдалар. У киши ҳамма ерда рақобатчиликни тилга олиб, замонавий, энергия тежамкор технологиялар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилиши, маҳсулот кўп бўлса, рақобат бўлиши, рақобат бўлса, сифат ошиши, сифати юқори бўлса, экспорт самарали бўлиши каби ташқи кўриниши улуғ, аммо супраси қуруқ гапларни такрорлаш билан овора.

Ростдан ҳам, бир қарашда, бу гаплар улуғларнинг улуғи бўлиб кўринади ва уларни эшитган содда ўзбеклар дўппиларни осмонга отиб, “Яшасин Шавкат Мирзиё!” деб бақиришга тайёрлар. Аммо, булар коммунистик пропаганданинг бироз замонавийлаштирилган шакли эканлигини ёки билмайдилар, ёки тушунмайдилар.

Тўғри, рақобатбардошликни ҳам, рақобатчиликни ҳам орттириш керак, тўғри, ҳамма нарсани сифатлиш қилиш керак, тўғри, экспорт муҳимлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Аммо, ўйлаб кўринг, айнан шу каби шиорлар билан яшаган СССР ва бошқа социалистик давлатлар нимага ўлдилар? Шавкат Мирзиёнинг чақириқлари остида Ўзбекистон ҳам ўлмайдими?

СССР ва бошқа социалистик давқлатлар яшаган социалистик иқтисодиётда рақобат деган нарса йўқ эди ҳисоб. Ҳамма нарса юқорининг истаги ва буйруғи билан бўларди. Бу йўл – ўлим йўли эканлигини сўнги юз йилдаги ҳаёт кўрсатиб бўлди.

Демак, Шавкат Мирзиё ўша йўлни давом эттириб, Ўзбекистонни ҳам тўла ўлимга олиб бормоқчи. Шу сабабли, Ўзбекистон давлати ва ўзбек миллатининг келажагини ўйлаб, Шавкат Мирзиёга текин маслаҳат беришдан ҳам қочмаймиз.

Маслаҳатимиз эса, аслида, жуда оддий. Ўзбекистон ва унинг халқини ҳозирги ғариб аҳволдан олиб чиқиш учун фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш керак.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзимизнинг инвесторларимиз синфини яратиш шарт.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Маълумки, мамлакатимиз демократлари 19 март, яъни ўзбек миллати ўз тарихида биринчи марта митингга чиққан кун - МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИнинг 30 йиллигини, шу йил 19 март куни Тошкентдаги Мустақиллик Майдонида умумхалқ байрам сифатида нишонлашга тайёрланмоқдалар. Ўша куни ватан ва миллат олдидаги ҳамма фундаментал муаммоларимизни Шавкат Мирзиё олдига қўйиш, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказишни талаб қилиш керак.