11 March 2019
16:45 - Навбатдаги масхарабозлик: Шавкат Мирзиё Марказий Банкда янги бошқарма, ҳокимликлар таркибида янги секторлар ташкил этиш ҳақида қарор имзолабди
Ўзбекистондаги қўғирчоқ ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз Президент Шавкат Мирзиё “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” номли қарор имзолаганини билдирдилар. Ҳеч қандай таҳлил берилмаса, бу қарорнинг имзоланиши ростдан ҳам буюк ишдек кўринади. Аммо, таҳлил берсангиз, ҳамма ёқ дабдала эканлигини кўрасиз. Мана бизнинг таҳлилимиз.

Бу қарорга кўра, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланадиган турли даражадаги комиссиялар бузилади, кредитлар бериш механизмларига ижобий янгиликлар киритилади. Муҳим бўлгани, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки тузилмасида Аҳоли тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш дастурларини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таркибида бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида тегишли секторлар ташкил этилади.

Марказий Банкда бундай бошқарма, маҳаллий ҳикимиятларда бундай секторлар яратилиши мақтовга сазовор ишлардир. Лекин,.. Ўзбекларнинг ҳамма нарса “лекин”дан кейин бошланади деган мақоли бор.

Лекин, гап шундаки, Ўзбекистон иқтисодиёти ўлаётган давлат, чунки, бизда майда тадбирколрликка рухсат берилганини ҳисобга олмасак, ҳали ҳам социалистик иқтисодиёт амалда ишламоқда. Шавкат Мирзиёнинг ҳокимияти буни ўзгартириш ҳақида ўйлаётгани ҳам кўринмаяпти. Ҳамма катта корхоналар, худди СССРда каби, давлат қўлида. СССР ўлим йўлидан бориб, охир-оқибатда ўлганини ҳамма кўрдику. Шу сабабли ҳамма собиқ социалистик мамлакатлар (Ўзбекистон, Туркманистон, Куба, Шимолий Корея каби бир неча давлатдан ташқари), тўла бозор иқтисодиётига ўтиб бўлдилар. Биринчи бўлиб бундай ишни Хитой қилганини ҳам эслаш муҳимдир.

Шундай экан, Шавкат Мирзиё ва унинг ҳукумати Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтиш ҳақида ўйлаши ва шу йўналишда ишлар бошлаши керак. Аммо, минг афсуски, бундай ишлар ҳақида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигидан бошқа ҳеч ким ўйлаётгани ҳам йўқ. Демак, ўлим йўлидан кетаверамиз ва ўламиз.

Маълумки, мамлакатимиз демократлари 19 март, яъни ўзбек миллати ўз тарихида биринчи марта митингга чиққан кун - МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИнинг 30 йиллигини, шу йил 19 март куни Тошкентдаги Мустақиллик Майдонида умумхалқ байрам сифатида нишонлашга тайёрланмоқдалар. Ўша куни ватан ва миллат олдидаги ҳамма фундаментал муаммоларимизни Шавкат Мирзиё олдига қўйиш, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказишни талаб қилиш керак.