01 March 2019
07:36 - Маҳмуд Йўлдош: Мактабни ислоҳ қилмай туриб иқтисодиётни ривожлантириб бўлмайди. “Ҳаракат”: Тўғри, аммо социалистикдан тўла бозор иқтисодиётига тезроқ ўтиш муҳимроқдир
Kun.uz сайти психология фанлари номзоди Маҳмуд Йўлдош билан умумтаълим мактабларида тубдан ўзгаришлар қилиш ҳақида жуда қизиқарли суҳбат ўтказибди. Маҳмуд Йўлдош ҳозирги мактаб тизимидаги камчиликлар ва бошқа давлатларнинг бу соҳадаги тажрибаларини жуда чуқур анализ қилиб, “Мактабни ислоҳ қилмай туриб иқтисодиётни ривожлантириб бўлмайди” деган фикрга келгани олқишга сазовордир.

Ўзбекларнинг шундай мақоли бор: Ҳамма нарса “лекин”дан кейин бошланади.

Лекин, унутмайликки, Ўзбекистон иқтисодий маънода ҳатто МДҲда ҳаммадан орқада эканлигининг асосий сабаби - бизда мактаб тизими ёмонлигида эмас, мамлакатимиз ҳали ҳам коммунистик СССРдан қолган социалистик иқтисодиёт билан яшаётганида. Майда-чуйда хусусий тадбиркорликка йўл берилгани ҳам яхши нарса, аммо мамлакатнинг иқтисодий аҳволини улар эмас, катта корхоналар белгилайди. Катта корхоналарнинг ҳаммаси давлатнинг қўлида. Бу ўлим йўлидир. Буни ўз вақтида Хитой, кейин СССРдагилар тушунишга бошладилар ва ҳамма собиқ коммунистик давлатлар ўта тезлик билан тўла бозор иқтисодиётига ўтиб олдилар. Фақат Ўзбекистон ва Туркманистон социалистик иқсодиёт билан ўлимга қараб кетишни давом эттирмоқдалар.

Ўзбекистонни ўлим йўлига Лубянканинг топшириғи билан КГБнинг тожик аслли агенти Ислом Карим солган эди. Ҳозир бу ишни Шавкат Мирзиё собитқадамлик билан давом эттирмоқда.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери гапириб келаётгандек, Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш керак. Фундаментал иқтисодий ислоҳотларнинг марказида тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзимизнинг инвесторларимиз синфини яратиш шарт.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Маълумки, мамлакатимиз демократлари 19 март, яъни ўзбек миллати ўз тарихида биринчи марта митингга чиққан кун - МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИнинг 30 йиллигини, шу йил 19 март куни Тошкентдаги Мустақиллик Майдонида умумхалқ байрам сифатида нишонлашга тайёрланмоқдалар. Ўша куни ватан ва миллат олдидаги ҳамма фундаментал муаммоларимизни Шавкат Мирзиё олдига қўйиш, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказишни талаб қилиш керак.