14 February 2019
09:10 - Масхарабозлик: Шавкат Мирзиё тутзорларни кўпайтириб бўлди шекилли, энди университетларни кўпайтирмоқда
Ўзбекистон Президенти қишлоқларга бориб, деҳқонларга тутзорларни кенгайтириш, аччиқ гармдори экиш ҳақида берган маслаҳатлари устидан роса кулган эдик. Ҳозир Шавкат Мирзиёни бошқа касаллик урди. У сал кам ҳар куни қандайдир соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган фармонлар имзолаб ётибди. Бу ҳам камлик қилмоқда шекилли, сал кам ҳар куни янги университетлар, аниқроғи, чет элдаги университетларнинг Ўзбекистондаги филиалларини очиш билан машғул бўлмоқда.

Масалан, кеча унинг мамлакатимизда иккита янги университет ташкил этиш ҳақидаги қарори эълон қилинди.

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг қўғирчоқ ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз хабар қилишича, Тошкентда Д.И.Менделеев номидаги Россия Кимё-Технология Университетининг (РКТУ) филиали, Андижонда эса Шарда-Ўзбекистон университети ташкил этилади.

РКТУнинг филиали ўз фаолиятини 2019/2020 ўқув йилида бошлаб, халқаро таълим стандартлари даражасида, ишлаб чиқариш-саноат тармоғида илмий-технологик масалаларни ҳал қила оладиган юқори малакали муҳандис-техник ходимларни тайёрлаш билан шуғулланармиш.

Андижонда ташкил этиладиган Шарда-Ўзбекистон университети ҳам ўз фаолиятини 2019/2020 ўқув йилида бошлайди. Университет фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари Шарда (Ҳиндистон) Университети таълим дастурлари негизида барча даражадаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш ҳисобланар экан.

Бу Университетнинг таъсисчиларидан бири нотижорат таълим трасти “Sharda Educational Trust” (Ҳиндистон) ҳисобланади. Университетнинг кўп мақсадли кампусини ривожлантириш учун 20 йил ичида 50 млн доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Бунга ишониш қийин, аммо хабарларда айнан шундай дейилган.

Университетда таълим асосан инглиз тилида ва заруратга кўра, ўзбек ва рус тилларида, кундузги таълим шаклида, тўлов-контракт ҳамда юридик шахслар томонидан тақдим қилинадиган таълим грантлари ҳамда хайрия маблағлари асосида олиб борилиши айтилган.

Шавкат Мирзиёга текин маслаҳатимиз бор. Деҳқонлар нима экиш кераклигини Сиздан ҳам яхши биладилар. Худди шунга ўхшаб, олий таълим вазирлигидагилар ҳам Ўзбекистонга қандай университетлар кераклигини Сиздан яхши билишади. Сизнинг вазифангиз – Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиб, Ўзбекистонни ҳозирги гадойликдан чиқариш ва фаровон ўлкага айлантириш йўналишида ишлашдир. Шу ишлар доирасида керагича янги тутзорлар, янги университетлар, агар керак бўлса, яратилаверади.