05 February 2019
14:42 - Мудҳиш хабар: Freedom House дунё давлатларининг инсон эркинликлари даражаси бўйича рўйхатини эълон қилди, Ўзбекистон “ёмонларнинг ёмонлари” ичида
Бош қароргоҳи АҚШда бўлган, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ва дунё тарафидан тан олинган Freedom House (Озодлик Уйи) ташкилоти “Freedom in the world 2019” (Дунёда эркинлик - 2019») номли ҳисоботини эълон қилди.

Бу ҳисоботда жаҳондаги 196 давлатда инсон эркинликлари бўйича аҳволни кўрсатувчи рўйхат берилган. Давлатларнинг 86таси (44%) эркин, 59таси (30%) қисман эркин, 50таси эса (26%) эркин бўлмаган деб баҳоланган.

Табиий, рўйхатнинг бошида Ғарб давлатлари, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Монголия, Ҳиндистон турибди. Айнан улар эркин давлатлар. Қисман эркин давлатлар ичида Украина, Грузия, Қирғизистон каби собиқ СССР ичидаги республиклар ҳам бор.

Ўзбекистонимиз, табиий, эркин бўлмаган давлатлар қаторида. Бундан ҳам баттари шундаки, Ўзбекистон қўшниларимиз Тожикистон, Туркманистон билан биргаликда рўйхатнинг “Ёмонларнинг ёмонлари” деб номланган қисмида турибди. Бу қисмда Шимолий Корея, Сурия, Марказий Африка Республикаси каби, ҳаммаси бўлиб, 13 давлат бор.

“Ёмонларнинг ёмонлари” (инглизчасига - Worst of the Worst) деб аталган давлатларни Freedom House ташкилоти тарафидан тайёрланган юқоридаги рўйхатда кўрмоқдасиз. У рўйхатда Ўзбекистон – “қафас ичидаги миршаб давлат” деб кўрсатилган.

Тўғри, ҳисоботда Ўзбекистон эркин бўлмаган, ёмонларнинг ёмони бўлган давлат бўлса ҳам, бу ерда сиёсий маҳбусларни озод этиш давом этаётгани, нодавлат ташкилотлар фаолиятига чекловларни юмшатилаётгани тилга олинади ва, таъбир жоиз бўлса, косметик ислоҳотлар бўлаётгани тан олинади.

Аммо, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, Ўзбекистон инсон эркинликлари бўйича дунёнинг “ёмонларнинг ёмонлари” деб баҳоланган давлатлар қаторида қолдирилгани - бу ҳисоботнинг биз учун ЭНГ МУДҲИШ жойидир.



Ён тарафдаги харитада эркин давлатлар - яшил, қисман эркин давлатлар - сариқ, эркин бўлмаган давлатлар - тўқ кулранг қилиб кўрсатилган.