27 January 2019
23:09 - Тошкентда яна бир оламшумул воқеа: “Бирлик Халқ Ҳаракати Партияси Марказий Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

Бугун Тошкентда “Эзгулик” Жамиятининг офисида “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда партиянинг 16 фаоли шахсан ва партия раиси, ҳозир мажбуран АҚШда яшаётган Абдураҳим Пўлат телефон орқали иштирок этди. Йиғилиш қатнашчиларининг мутлақо кўпчилиги “Эзгулик” аъзоси ҳам эканлигини ҳисобга олсак, бундай йиғилишнинг “Эзгулик” офисида ўтказилиши ғоят табиий эди.

Йиғилишни партия раисининг ўринбосари Дайнов Ташанов олиб борди. Кун тартибига қуйидаги масалалар киритилди:

1. Мамлакатдаги аҳволнинг қисқа анализи

2. Қилинадиган ишлар:
- Президент Шавкат Мирзиё ва унинг ҳукуматига фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошлаш талаби билан мактуб юбориш
- “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясини рўйхатдан ўтказиш масаласи

3. Ислом Карим замонида юрт ташқарисига кетишга мажбур бўлган партия фаолларини Ўзбекистонга қайтариш масаласи (Абдураҳим Пўлат каби чет эл фуқаролигини олмаганларни чақириб олиш, Ўзбекистонда кўп фуқароликка рухсат бериш, чиқиш визасини бекор қилиш)

4. Шу йил 19 март куни Мустақиллик Майдонида Миллий Уйғониш Кунининг 30 йиллигини нишонлаш

АҚШдан мурожаат қилган партия раҳбари Абдураҳим Пўлатнинг ўзбек халқи ўз тарихида илк бор митингга чиққан кун - 1989 йил 19 мартнинг 30 йиллигини бу йил 19 март куни Мустақиллик Майдонида байрам қилиш кераклиги ҳақидаги таклифи йиғилиш қатнашчилари тарафидан қабул қилинди.

Мажлис ўтаётган пайтда у ерга Ўзбекистон Адлия Вазирлиги мулозимлари бостириб киришди ва партия фаолари ноқонуний тадбир ўтказишаётгани хусусида баённома тузишди. Йиғилиш қатнашчиларининг бир қисмидан тушунтириш хатлари олишга эришишди. Шу билан Шавкат Мирзиё ва унинг тақими демократик ғоялардан қўрқиши, ҳатто террорчилар билан музокаралар олиб бориш ҳақида гапириб, демократлар билан мулоқот қилишга журъат қилолмаслиги яна бир бор исботланди.

Адлия Вазирлиги ходимларнинг ноқонуний қадамларига қарамасдан “Бирлик” Марказий Кенгашининг мажлиси охиригача етказилди, кун тартибидаги ҳамма масалалар муҳокама қилинди, керакли қарорлар қабул қилинди. Энг муҳим қарор – 19 март куни Мустақиллик Майдонида Миллий Уйғониш Кунини байрам қилишга тайёргарчиликларни ҳозироқ бошлаш, бу масала бўйича ҳокимиятнинг тегишли идоралари билан алоқада бўлиш.