27 January 2019
02:16 - Доналд Трамп 35 кундан бери давом этган шатдоуни 15 февралгача тўхтатди, Мексика билан чегарада девор қуриш муаммоси ҳозирча ечимсиз қолди

Оқ Уй ва Конгресс Мексика билан чегарада девор қуришга маблағ ажратиш масаласида келишолмаганлари сабабли, 2018 йил учун Давлат Бюджети ойлардан бери тасдиқланмай келаётган эди. Айнан шу сабабли, 35 кун аввал ҳукуматнинг ташқи ва ички ишлар вазирликлари ҳамда хавфсизлик масалалари билан шуғулланадиган идораларидан бошқа қисмининг фаолияти тўхтатилган, яъни шатдоун эълон қилинган эди. Баъзи вазирликларнинг ходимлари вақтинча маошсиз ҳам ишни давом эттиравердилар, аммо кризис битмади.

Ниҳоят жума куни, яъни 25 январда Доналд Трамп АҚШ Конгрессининг қуйи ва юқори палаталари билан келишиб, девор қуриш учун маблағ талабларидан 15 февралгача воз кечадиган бўлди ва ҳукумат ўз ишини тўла давом эттириш имониятига эга бўлиши эълон қилинди.

Доналд Трамп ва Оқ Уйнинг ходимлари 15 февралгача Мексика билан чегарада девор қуриш учун сўралаётган кўп миллиард долларлик маблағ масаласида Конгресс билан келишилмаса, АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ва девор қуриш учун маблағ топишга бошқа йўллар қидирилишини айтмоқдалар.

АҚШдек давлатда бир неча ўн миллиард долларлик девор масаласида бундай кризис чиқиши ҳеч ким кутмаган ҳол бўлди. Аммо, унутмайликки, Доналд Трамп президентлик курсисига расман ўтиргандан бери АҚШ ҳукумати турли кризислар ичида. Шу нарса ҳам кўрсатмоқдаки, бу давлатнинг тизими шундай мустаҳкам қилиб яратилганки, давлат кризис ичида бўлса ҳам, тизим яхши ишлайверади.