15 January 2019
02:14 - Ўзбекнинг шоири Юсуф Жума ижодидан лавҳалар
Мени менсимаслик - жиноятга тенг

Қайси бир дийорда отмайин одим -
Мен ота юртимда юрибман дейман.
Тангридан келаман - кўкдан келса ким-
Мен ота юртимда юрибман дейман.

Ўзидан сўнг қурган Ўғизхон қайта -
Кўп қайта олган, олар албатта -
Пуштидан Юсуф бор - бўлса ҳам битта,
Мен ота юртимда юрибман дейман.

Мени менсимаслик - жиноятга тенг -
Қиличга қўл чўзиб чизғаяпман енг -
Ўзимга очунни этажакман кенг -
Мен ота юртимда юрибман дейман.

2018 йил

* * * * *

Мени тушунарди Қодирий булса -
Чoлпон, Фитрат бўлса тушунар эди.
Англарди Ҳазрати Беҳбудий булса.
Тушунмай қутузлар бошимни еди.
Бу нодон сўтаклар қайдан тушунсин -
Булбулни кўппаклар қайдан тушунсин.

Соғиндим Ўғизхон ҳоконлигини.
Соғиндим Темурхон султонлигини.
Тўмарис момомнинг соғинчидаман,
Атилла бобомнинг соғинчидаман.
Тозию пирсиён қайдан тушунсин -
Лочинни кўрсичқон қайдан тушунсин.

Қолди Соҳибқирон сафари чала -
Тириклай кўмилмай қолди кўп гала.
Қутлуғ йўл сўнггига етади қачон -
Қачон ичаклардан тўқиймиз салла.
Қони ёт ноқислар қайдан тушинсин -
Йўлбарсни тўнғизлар қайдан тушинсин

2018 йил

* * * * *

Қанча юкинг бўлса шунча
Юкингни юрт кўтаради.
Кўз - қондан очилган ғунча,
Юкингни юрт кўтаради.

Ота юртинг - ота-онанг -
Ерин ости - ёруғ хонанг -
Ота-онанг ҳоки -шуьланг,
Юкингни юрт кўтаради.

Бир кун оёқдан қоласан -
Сўнг оёқсиз йўл оласан -
Қора ўрин - гўр бўласан -
Юкингни юрт кўтаради.

Ер фалакдан баланд - нечун -
Азизлар тулрокда ёлқин -
Кўкдан кўлрок юртга юкин -
Юкингни юрт кўтаради.

Юсуфни ўлдирди юки,
Бор осмондан оғир юки,
Армон - ота-онам ҳоки,
Юкингни юрт кўтаради.

2018 йил

* * * * *

Менга карши тинмасин тилинг,
Ёғдир, номард, туҳмат - жалани.
Сотқинликдир бир умр йўлинг -
Қарғишлаган сендай даллани.

Битта тилинг етарли эмас -
Оғзингга ол итинг тилин ҳам.
Менга қарши ҳургин басма-бас -
Биламанки, бу ҳам сенга кам.

Эшагингнинг тилида ҳангра,
Тинчитмайди бу ҳам кўнглингни.
Оғзингга ол - бетиним сайра -
Ол онангнинг икки тилини…

2018 йил

* * * * *

Сотқин гала орсиз, эссиз, бир сўзимни уқмайсиз,
Элу юрт деб эрк йўлига мендек жонни суқмайсиз.
Шоҳу гадонг - баринг йиғил - бўйлашинглар, номардлар
Оёғимнинг ўн биринчи бармоғича чиқмайсиз.

2019 йил

* * * * *

Шоҳу гадо этса бирон ёмонлик
Эл жимми - ёмонлик эл ёмонлиги.
Сиртлонлар қилсалар тун кун сиртлонлик
Эл жимми - сиртлонлик - эл сиртлонлиги.

Ёвузликка қарши тургандир - динлик,
Жиноят - қўқувда жон турғунлиги.
Ҳукмдорми бошқа этса сотқинлик
Эл жимми, сотқинлик эл сотқинлиги.

2019 йил