12 January 2019
23:19 - Президент фармони билан ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилди
Президент фармони билан юридик шахслар бино ва иншоотлари, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга бўлди.

Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Фармон билан мамлакатда урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан:

- юридик шахслар бино ва иншоотлари, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;

- жисмоний шахслар якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;

- хусусийлаштириш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан амалга оширилади;
жисмоний ва юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ҳисобланади ва дахлсиздир;

- жисмоний ва юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ҳисобланади ва дахлсиздир;

- хусусийлаштириш фақатгина кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолда ҳамда ҳукумат томонидан белгиланадиган миқдорларда пуллик асосда амалга оширилади. // Gazeta.uz