30 December 2018
10:09 - Сенсация эмас: Шавкат Мирзиёнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ростакам вайсаш экан. "Ҳаракат": Ҳақиқий таклифларни "Бирлик"дан эшитинг!

Бу Мурожаатнома вайсашдан иборат эканлигини, ўша вайсаш кунидаги (28 декабрдаги) хабаримиздаёқ айтган эдик. Мана энди Мурожаатноманинг тўла матни Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган қилаётган тожиклар режимининг бир қатор қўғирчоқ ахборот воситаларида ҳеч қандай таҳлилсиз эълон қилинди.

Шавкат Мирзиё 2019 йилга мўлжалланган гўёки буюк режаларини ёритишга ўтишдан олдин, 2018 йилнинг натижалари билан мақтанибди. Мақтаниш учун қуйидаги 3 та нарса танланибди.

1. Буюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор.

2. Биз 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном бериб, Давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳани амалга оширганимиз ўтган йили яхши ният билан бошлаган ишларимизнинг натижасини кўрсатиб турибди.

3. Хусусан, педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда биринчи марта 50 фоизгача кўпайтирилди. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли, аҳолининг реал умумий даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошди.

Биринчидан, қаранг, Шавкат Мирзиё мақтанишни Пайғамбарнинг “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган сўзларидан бошлаган. У демоқчики, яхши ният қилган эдим, улар амалга ошди. Ундай бўлса, энг камида 2 та савол туғлади: «Жаноб Шавкат Мирзиё, 13 йил Ислом Каримнинг қўлида қулдек хизматчи, яъни Бош вазир бўлиб юрган пайтингизда нимага яхши ният қилмадингиз? Пайғамбаримиз айтганидек, яхши ниятлар бўлса, улар амалга ошиши керак эдику?!

Бундан ташқари, 2017 йил 10-11 сентябрь кунлари Остонада Сизнинг ҳам иштирокингизда ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити қабул қилган ва Сиз ҳам имзолаган Декларациянинг бир жумлалик 7-чи моддаси «Бирлик»нинг фикридан иборат: "Ислом жамиятини қолоқлик ва қашшоқликдан, ақли-идрокий қашшоқлик ҳам шунинг ичида, қутқариш керак". Нима мусулмонлар 1,5 минг йилдан бери яхши ният қилмаганлари учун жаҳоннинг ЭНГ ҚОЛОҚ ва ҚАШШОҚ қисми бўлиб қолдиларми? Ёки улар ният қилдиларку, пайғамбаримизнинг айтган гаплари хато бўлиб чиқдими?

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг 2018 йилга Давлат Бюджетининг даромад ва ҳаражат қисмларини 62,229 трлн сўм (7,69 млрд доллар) ва 62,17 трлн сўм (7 млрд 677 млн доллар) қилиб ўзингиз имзолаган эдингиз. Нима Давлат Бюджетининг 62,17 трлн сўмлик ҳаражат қисмининг 1/3 қисми инвестицияларга кетдими? 2017 йил Давлат Бюджетининг даромад ва ҳаражат қисмлари 2018 йилникидан тахмиан 3 баравар катта эди. 3 бараварга камайган бюджетининг 1/3 қисмини инвестициялара ишлатган бўлсангиз, давлатнинг бошқа ишлари қандай бажарилди? Давлат хизматчиларига ойлик тўландими? Мурожаатингизнинг шу қисми вайсаш бўлмаса, вайсаш нима ўзи, жаноб Шавкат Мирзиё?

Учинчидан, педагогларнинг маоши 50 фоизга оширилган бўлса, сўм 2 баравар, яъни 100 фоизга девальвация қилингани сабабли, амалда педагогларнинг ойлиги 100 фоизга бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда анчагина тушдику, чунки, нархлар, Сиз истасангиз, истамасангиз, долларнинг курсига қараб ортишга бошлашини бутун дунё биладику! Сўмнинг қадри 2 бараварлик девальвациядан кейин ҳам тушиб борар экан, аҳолининг реал даромадлари 2017 йилга нисбатан гўёки 12 фоизга ортганини гапириш ҳам оддий вайсаш эмасми, жаноб Шавкат Мирзиё?

Хуллас, Мурожаатноманинг 2018 йил натижаларига доир қисми оддийгина вайсаш бўлиб чиқмоқда. 2019 йилга қилинаётган оламшумул ваъдаларингиз ҳам вайсаш эмасми? Айнан шундай. Аммо, улар ҳақида аниқ факт ва рақамлар билан кейинги йилда гапирамиз.

Лекин 2 нарсани ҳозироқ айтиш мумкин.

Биринчидан, Ўзбекистонни ҳозирги ғариб аҳволдан олиб чиқиш учун фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш керак. Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлис ва Президентни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётса, фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси ётади.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш кераклиги ҳам ўз-ўзидан маълум. Аммо, Сиз на фундаментал ислоҳотларни, на Рустам Азимни жойига қатариш масаласини тилга олмагансизку! Сиз таклиф қилаётган ислоҳотлар - аёллар ўзини чиройли қилиб кўрсатиш учун қиладиган косметикага ўхшаш косметик ўзгаришлар-ку!

Иккинчидан, маълумки, 1989 йил 19 мартда “Бирлик” Халқ Ҳаракати ўзбекларни тарихда биринчи марта митингга олиб чиқди. Ўшандан кейин ўтказилган митинг ва намойишларда ўзбек тилини давлат тили қилиш, Ўзбекистонни СССРдан чиқариб олиш каби фундаментал талаблар ўртага отилди. Буларнинг натижасида ўзбек тили давлат тили бўлди, СССРга мустақил давлат сифатида 1925 йилда кирган Ўзбекистон 1991 йил 8 декабрда, яъни СССР йўқ қилингандан кейин, тамомийла мустақил бўлиб қолди. Шундай экан, 19 март – МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИ сифатида тарихимизда қолиши ўз-ўзидан маълум. Шуларни ҳисобга олиб, 2019 йил 19 март куни Мустақиллик Майдонида МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИмизнинг 30 йиллигини умумхалқ байрам сифатида нишонлаш кераклигини айтишингиз керак эди. Бундай қилмадингизми, демак, Мурожаатингиз оддий вайсаш бўлиб қолавермайдими?