27 December 2018
21:43 - Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг қўмитасида масхарабозлик: Қишлоқ Хўжалиги Вазири Баҳодир Юсуповнинг вайсашдан иборат ҳисоботи тингланибди

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА ҳеч қандай таҳлилсиз хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг Аграр ва Сув Хўжалиги масалалари Қўмитасида Қишлоқ Хўжалиги Вазири Баҳодир Юсуповнинг аграр соҳани ривожлантириш истиқболлари ва илм-фан талабларига мослаштиришнинг бугунги ҳолати тўғрисидаги ахбороти тингланибди.

Бу масхарабозлик табдирида фермер хўжаликлари, энг аввало, кўп тармоқли фермер хўжаликларини рағбатлантириш ва ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологик асбоб-ускуналар билан таъминлаш лойиҳалари ўз самарасини бераётгани таъкидланганмиш, ҳозирги кунда мазкур соҳанинг мамлакат Ялпи Ички Маҳсулотидаги улуши 17 фоизни ташкил этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барчаси нодавлат секторда етиштирилаётгани урғуланганмиш.

Аслида, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, охирги жумланинг ўзи Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг Аграр ва Сув Хўжалиги масалалари Қўмитасидаги тадбир масхарабозлик эканлигини исботлаб турибюди.

Ҳамма гап шундаки, Ўзбекистонда пахта етиштириш билан шуғулланаётган фермерларни нодавлат сектори деб айтишнинг ўзи масхарабозликдир. Чунки, ҳамма биладики, пахта етиштирувчи фермерлар ўзлари етиштирган пахтани ўзлари истаган жойда, ўзлари истаган нархда сотишга ҳақлари йўқ. Улар пахтани давлат кўрсатган корхоналарга давлат кўрсатган нархда топширишга мажбурлар. Давлат тайинлаган нарх шунчалик пастки, фермерлар пахта теримига оиласини боқишга етадиган пул олишни истайдиганларни жалб этолмайдилар. Айнан шу сабабдан, пахта теримига мактаб ва олий ўқув юртларининг талабаларини ёки давлат хизматчиларини сал кам текинга жалб қилмоқдалар. Ҳозир ҳам шундай қилишни яширинча давом эттирмоқдалар.

Демак, кўриниб турибдики, пахта етиштирувчи фермерларни нодавлат сектори деб айтишнинг ўзи ғирт масхарабозликдир. Шундай экан, бу масхарабозлик тадбиридан қандайдир фойда бўлишига фақат аҳмоқлар ишониши мумкин. Давлатнинг қонунчилик ҳокимиятида шундай масхарабозлик ўйинлари ўйналаётгани эса, Ўзбекистон давлат сифатида ўлим йўлида эканлигининг энг яхши исботидир.

Жойи келгани учун бошқа бир воқеани эслатмоқчимиз. Бу воқеа “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг хотираларида тилга олинган.

Бундан 10 йилча аввал бир нотаниш одам АҚШнинг пойтахти Вашингтон яқинида яшаётган Абдураҳим Пўлатга телефон қилиб, АҚШ ҳукуматига таъсир этиш кучи катта бўлган Атлантик Кенгаш номли ташкилотда Ўзбекистоннинг элчиси Содиқ Сафаев доклад қилишини билдирди ва у ерга боришни маслаҳат берди. Абдураҳим Пўлатнинг “Сиз кимсиз ўзи, нима учун менга буни билдирмоқдасиз?” саволига “Кимлигимнинг фарқи йўқ, аммо, ишонаманки, Сизга у мажлис фойдали бўлади” жавобидан бошқа нарса келмади.

Хуллас, ўша мажлисга бордим ва Содиқ Сафаевнинг “Ўзбекистон коммунистик иқтисоддан қутилди, энди умумий маҳсулотнинг асосий қисми нодавлат секторда ишлаб чиқарилади, колхозлар йўқ қилинди” каби бир қатор лофларидан кейин қисқа нутқ сўзлаб, Совет замонида ҳам бизда асосий маҳсулот колхозлардан етиштирилганини, демак, ўша пайтдаёқ ассосий маҳсулот нодавлат секторида ишлаб чиқарилишини истеҳзо билан гапирдим ва қуйидаги сўзларни қўшдим, дейди Абдураҳим Пўлат. Бизда бирдан-бир ўзгариш - колхоз, яъни “коллективное хозяйство” ўрнига “жамоа хўжалиги” сўзларининг ишлатилаётганидир. Аммо, лотинча “коллектив” ўрнига арабча “жамоа” ишлатилаётгани, русча “хозяйство” сўзи аслида ўзбекча “хўжалик” сўзидан келиб чиққанини ҳисобга олсак, ҳеч нарса ўзгармади, деганимдан кейин кўтарилган кулги қаршисида элчимиз бир қоп бир нарса бўлиб қолганини тушуниш қийин эмас.

Ўшандан кейин Содиқ Сафаевнинг тезда элчиликдан чақириб олишган эди. У масхарабоз ҳозир Олий Мажлис Сенатида раис ўринбосари.

Дарвоқе, дейди мухбиримиз, Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг қўмиталаридан бирида ўтказилган масхарабозлик тадбирида қандай қарор қабул қилингани ЎзАнинг хабарида айтилмаган. Тахмин қилиш мумкинки, бу қўмита йиғилишинг мақсади масхарабозлик билан чекланиш бўлган.