21 December 2018
09:09 - Залмай Халилзод: “Толибон” бизни куч билан енголмаслигини тан олди ва сиёсий йўллар қидиришга рози

Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти Абу-Дабида 5 кишилик “Толибон” ҳайъати билан 3 кунлик учрашув ўтказган АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод кеча Қобулга келибди. Бу ҳақда Афғонистонда инглиз тилида чиқадиган Tolo News Инернет нашри хабар берди.

Бу нашр Залмай Халилзод билан суҳбат ҳам ўтказибди. Залмай Халилзоднинг айтишича, Толибон АҚШни куч билан енгиб бўлмаслигини ва Афғонистондаги кризисни ҳал этиш учун сиёсий йўллар қидириш кераклигини тан олибди. Толибон ҳайъати ҳозирча 3 ойга оташкес, яъни ҳарбий операциялар ўтказмалик таклифини ҳам қабул қилмабди ва ҳайъат раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станзай бу хусусда “Толибон” раҳбарлари билан ўзим гаплашаман дебди.

Турли тасдиқланмаган хабарларга кўра, “Толибон” рўза байрами туфайли 3 кунлик оташкеcга рози бўлган эмиш, аммо оташкес фақат Афғонистон қуролли кучлари билан бўлиши урғулаганмиш.

Қизиқ, дейди мухбиримиз, “Толибон”нинг мақсади – нафақат Афғонистонда, балки, бутун Ислом дунёсида мусулмонлар Шариат қонунлари билан яшашига эришиш-ку. Шариатга кўра эса, мусулмон эркаклар 3 та хотинли бўлишга ҳақлари бор, майда ўғриларнинг кафти кесилиши, каттароқ жиноят қилганлар тош бўрон қилиб ўлдирилиши керак. Бундан ҳам муҳими, давлат исломий бўлиши, исломий давлатлар Халифаликка бирлашиши, келажакда бутун инсоният мусулмон бўлиши керак.

АҚШ ва Афғонистондаги ҳокимият буларни мутлақо қабул қилолмайди ва қабул қилмайди. Шундай экан, Афғонистондаги урушни қандай қилиб сиёсий йўллар билан ҳал этиш мумкин? Бундай мақсадга эришининг ягона йўли, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётганидек, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Ана ўшанда ислом терроризми ўз-ўзидан йўқ бўлади.

Табиий, ҳозирги “Толибон” бундай йўлни қабул қилмайди. Тўғри, вақти келиб Ислом дини шундай қилишга мажбур бўлади. Аммо, унгача ҳали кўп одам ислом терроризмининг қурбони бўлади. Ислом уламолари шу ҳақиқиқатни қанча тез тушунсалар, шунча яхши бўлади.