18 December 2018
22:18 - Фойдасиз “Толибон”-АҚШ музокараларининг навбатдагиси кеча Бирлашган Араб Амирликларида бошланди. Шавкат Мирзиё қаерда?

Покистонда инглиз тилида чиқадиган энг катта The News International газетасида бугун Mushtaq Yusufzai исмли журналистнинг “АҚШ Толибон билан тинчлик шартномаси имзолашга шошилмоқда” номли мақоласи эълон қилинди. Унда айтилишича, аввал Қатарда 2 марта “Толибон” расмийлари билан музокаралар ўтказган АҚШ расмийлари кеча Бирлашган Араб Амирликларида Афғонистонда 17 йилдан бери давом этаётган урушни тинчлик йўли билан тўхтатиш масаласида 3-чи учрашувни бошлабдилар. АҚШ “Толибон”дан 6 ойга ҳарбий операцияларни тўхтатиш шартномаси имзолашни, Афғонистондаги сиёсий системага қўшилишини таклиф қилибди, аммо бу таклиф қабул қилинмабди.

“Толибон” асирдаги ўз жангариларини ҳеч қандай шартсиз озод қилишни, ўз лидерларни қора рўйхатлардан ўчиришни, АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини қачон олиб чиқишни билдиришини сўрабди. Вақтинча ҳарбий опреацияларни тўхтатиш шартномаси, бу шартномага Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Покистон кафиллик берсагина имзоланиши мумкинлини, келажакда Афғонистотондаги вақтли ҳукумат раҳбари “Толибон” кўрсатган одам бўлиши кераклигини ҳам билдирибди.

3 кун давом этиши кутилаётган музокараларда “Толибон”нинг 5 кишилик ҳайъати иштирок этмоқда. Ҳайъат раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станзай (Sher Mohammad Abbas Stanakzai) Қатардан, қолган 4 киши Афғонистонда келган. АҚШ ҳайъатининг раҳбари - бу давлатнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод.

Жойи келгани учун эслатиш керакки, Залмай Халилзод бир неча кун аввал, аниқроғи 11 декабрда Тошкентга келиб Президент Шавкат Мирзиё ва Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комилов билан учрашиб, террористлар билан музокаралар ўтказиш масаласида маслаҳатлар олиб кетган эди.

Кўриниб турибдики, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги қайта-қайта такрорлаётганидек, “Толибон” шунчаки ўйин қилиб, АҚШ ва бшқалар билан музокаралар олиб бормоқда. Бу каби масхарабозлик руҳидаги музокаралар Тошкентда ҳам, Москвада ҳам бўлган эди. “Толибон”нинг мақсади – нафақат Афғонистонда, балки, бутун Ислом дунёсида мусулмонлар Шариат қонунлари билан яшашига эришишдир. Шариатга кўра эса, мусулмон эркаклар 3 та хотинли бўлишга ҳақлари бор, майда ўғриларнинг кафти кесилиши, каттароқ жиноят қилганлар тош бўрон қилиб ўлдирилиши керак. Бундан ҳам муҳими, давлат исломий бўлиши, исломий давлатлар Халифаликка бирлашиши, келажакда бутун инсоният мусулмон бўлиши керак.

Шундай экан, “Толибон” ва у каби террористик ташкилотлар билан келишиш мумкин эмас. Бу боши берк кўчадан чиқишнинг ва Ислом дунёсида демократиянинг риволанишига имкон яратишнинг ягона йўли, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётгандек, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Ана ўшанда ислом терроризми ўз-ўзидан йўқ бўлади. Айнан шуни Шавкат Мирзиёга ҳам тушунтириш лозим.