17 December 2018
02:33 - Саломе Зурабишвили расман Грузия Президенти бўлди, инаугурация маросими Телави шаҳрида ўтказилди
28 ноябрда ўтказилган президент сайловларининг 2-чи турида ғалаба қозонган Саломе Зурабишвили кеча Гуржистоннинг пойтахтида эмас, тарихий Телави шаҳрида ўтказилган инаугурация маросимидан кейин Гуржистон Президенти курсисни эгаллайди. Грузия-Online Интернет нашрининг хабарида айтилишича, бу маросимда иштирок этган 1800 меҳмоннинг ичида бошқа мамлакатдан келган ягона президент – Арманистон президенти Армен Карапетян бор эди. Франциянинг экс-президенти Николя Саркози ҳам шу ерда экан. Аммо, алоҳида таъкидланишича, ҳокимиятдаги “Гуржилар Орзуси” Партиясининг лидери Бидзина Иванишвили бу ерда йўқ эди. Ваҳолангки, сўнги сайловларда бу партия айнан Саломе Зурабишвилини қўллаб-қувватлаганди.

Сайловларнинг 2-чи турида мағлубиятга учраган Григол Вашадзенинг тарафдорлари инаугурация маросими ўтказилган Батонис цихе қалъаси олдида норозилик митинги ўтказиш учун ҳаракат қилдилар, аммо Телеви шаҳарчасига келадиган ҳамма йўллар полиция тарафидан тўсиб қўйилгани сабабли намойиш ўтказолмадилар.

Аввалги президент Михаил Саакашвили намойишларни Тбилисида ўтказишга ва ҳокимият ўзгармагунча уларни давом эттиришга чақирди. Тбилисида парламент биноси олдидаги майдонда мухолифатчилар палаткалар ўрнатишга бошлаганлари ҳақида ҳам хабарлар тарқалмоқда.

Хуллас, Гуржистонда тинчлик бўлмайдиганга ўхшайди. Аммо, ҳокимият учун кураш демократик принциплар доирасида бўлишига умид қилиш керак.