13 December 2018
17:30 - Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги ва “Бирлик” раҳбари Абдураҳим Пўлатнинг бу буюк инсон билан учрашгани ҳақидаги хотиралари

Маълумки, 1928 йил 12 декабрда туғилган буюк қалам устаси Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги ҳамма ерда тантанали шаклда эсга олинди. Бутун Қирғизистон бу кунни байрам қилганидан ташқари, 7 декабрда Москвада унинг ҳайкали очилди, кеча Тошкентнинг Юнусобод туманида унинг хотирасига бағишлаб ўрнатилган барельефнинг очилиш маросими бўлиб ўтди (расмда). Ўзбекистонда унинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилди. Ҳамма ерда унинг буюк ёзувчи сифатида эсладилар.

Аммо, у фақат ёзувчигина эмас, буюк инсон эди. У узоқ йиллар, СССР парчаланиб кетгунча, мамлакат парламентининг депутати, СССРнинг сўнги йилларида (1990-1991 йиллари) Президент Кенгашининг аъзоси, Президент Михаил Горбачевнинг миллатларао муносабатлар бўйича масслаҳатчиси бўлган. Айнан шу мақоми билан 1990 йил июнь ойи бошларида Ўш-Ўзганда юз берган қонли ўзбек-қирғиз жанжалини бостиришда ҳал қилувчи роль ўйнаган. Аммо, на Қирғизистонда, на Ўзбекистонда, на бошқа жойларда, бу факт ҳеч тилга олинмади.

Бу бўшлиқни “Ҳаракат” тўлдиришга қарор қилди. Шу мақсадда “Бирлик” Халқ Ҳаракати раиси Абдураҳим Пўлатнинг “Ҳаракат” журналининг 1997 йилда чиққан 3-сонидаги “Турк халқлари ассамблеяси: Қурилишидан 4- қурултойгача” мақоласидан бир парчани келтирмоқчимиз. Мана ўша парча.

* * * * *

Ўш-Ўзган воқеалари

“Бирлик” Халқ Ҳаракатининг 1990 йил 25-26 майда ўтказилган муҳташам 2- Қурултойининг иккинчи куни Ўшдан келганлигини айтган бир йигит сўзга чикиб, у ерда катта провокация ҳозирланаётганини, мақсад икки қардош халқни бир бири билан уруштириш, қон тўкиш эканлигини айтсада, турли сабаблар билан у йигитнинг гаплари инобатга олинмади.

Лекин бир неча кун ўтар ўтмас, Ўшдан таҳликали хабарлар кела бошлади. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб келаётган Ўшли ўзбеклар бир тарафдан ҳукумат ҳамда Ёзувчилар Уюшмаси каби обрўли ташкилотларнинг вакиллари, иккинчи тарафдан “Бирлик“ раҳбарлари билан учрашиб, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилишарди. Қўлларида имконлари бор бўлган расмий доиралар жинояткорона жим туришаркан, “Бирлик“ раҳбарлари имконсизликларидан ёнишарди.

(Бу ерда Абдураҳим Пўлатнинг ўша пайтда СССР халқ дупутати бўлган Пўлат Охун ва бошқа сафдошлари билан нималар қилишгани ҳам ёзилган. Аммо, бу лавҳанинг бош мақсади Чингиз Айтматовнинг фаолиятини ёритиш бўлгани сабабли, шу мақсадга ўтайлик. - “Ҳаракат”)

Чингиз оға даврада

Эртаси куни (2 ёки 3 июнда бўлса керак - “Ҳаракат”) “Бирлик“нинг Тошкент шаҳри Пишпек кўчасидаги машҳур қароргоҳига ўша пайтда СССР президенти Горбачевнинг маслаҳатчиси Чингиз Айтматов телефон килиб, мен билан гаплашди:

- Мен Ўшда бўлаётган воқеаларда “Бирлик“нинг ҳам қўли бор, деб бизга келаётган хабарларга ишонмайман. Лекин бу тўғрида шахсан ўзингизни тингламоқ истардим.

- Чингиз оға, бизни бир йилдан бери пантюркист деб айблашга ҳаракат қилиб келишаяпти. Биз ростдан ҳам турк бирлиги тарафдори бўлган ташкилотмиз. Биз икки турк кавми орасида бундай қонли жанжал бўлишини исташимиз ҳам мумкин эмас-ку.

- Мен Сизга ишонмасам телефон ҳам қилмаган бўлардим. Воқеаларни биргаликда тўхтатишимиз керак. Мен эртага маҳаллий вақт билан 15-16 орасида Тошкентга келаман. Мени Тошкент аэропортининг ҳукумат залида кутинг. Биргаликда Ўшга учамиз.

Эртасига учрашдик. Кутиб олувчилар 15-20 киши эди. Уларнинг орасида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг ҳамма раҳбарлари бор. Мирсаидов (ўша пайтдаги Бош вазир - "Ҳаракат") ҳам шу ерда. Чингиз Айтматов мен билан 2-3 марта бош-бошга гаплашди ва охирида шундай деди:

- Кечадан бери Каримов билан доимий мулоқатдаман. Бу ерга келиб унинг Сизга нисбатан фикрларини ўзгартираман, деб ҳаракат қилдим. Бўлмаётипти. Менинг ҳар қандай қарор олишга салоҳиятим бор. Аммо Ўзбекистон каби бир катта республиканинг раҳбарияти билан келишмасдан бир иш қилмасам, дегандим. Ўзбекистон рахбарларининг фикрича, Сизнинг Ўшга боришингиз аҳволни яна ҳам ёмонлаштирармиш. Уларнинг асл мақсадлари бу эмас. Аммо расмий фикрларини шундай деб изоҳлашаётипти. Сиз нима дейсиз?

- Ҳозир орадаги муносабатларни гаплашадиган ва ҳал қиладиган вақт эмас. Сиз ҳозирги миссиянгизни бажаришингиз учун Ўзбекистон раҳбарияти билан биргаликда иш қилишингиз керак. Шунинг учун мен бу ерда қоламан.

Чингиз Айтматов Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировлар билан тўғри Ўшга учиб кетишди. Уларнинг ҳам саъй ҳаракатлари билан Ўшдаги қонли воқеалар тўхтатилди.

* * * * *

Ўша пайтдаги воқеларанинг тафсилотлари, Ўш-Ўзгандаги қонли урушни тўхтатишдаги Чингиз Айтматовнинг роли изчиллик билан ўрганилиши лозим. Аммо, жуда муҳим бир нарса ҳозирданоқ маълум: Чингиз оға ҳақиқий инсон, ҳақиқий турк фарзанди эканликларини ўшанда кўрсатганлар. Ҳозир буни эсламаслик, у улуғ инсоннинг хотирасига хоинлик бўлади.

Жойи келгани учун эслатиш керакки, Ўш-Ўзган воқеаларини анализ қилган Қирғизистон парламенти 1990 йил 27 октябрда Асқар Ақаевни президент этиб сайлади. Кейинчалик Абдураҳим Пўлат Марказий Осиё давлатлари демократик ташкилотлари раҳбарларининг Иссиқ-кўл бўйидаги учрашувидан кейин Бишкекга келганида, уни Асқар Ақаев шахсан қабул қилган эди. У ердан Ўшга келган Абдураҳим Пўлат қирғиз ва ўзбек жамоаларининг фоллари билан учрашиб, орадаги кескинликни янада юмшатди. Ўш вилоят раҳбари ўзи ташаббус кўрсатиб, Абдураҳим Пўлат билан учрашгани ва унга миннатдорчилигини билдиргани ҳам ҳақиқатдир.