11 December 2018
17:13 - Масхарабозлик эмас, шармандалик: Шавкат Мирзиё сохта “Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази”нинг фаолиятини такомиллаштирармиш. “Бирлик” қачон тан олинади?
Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА ҳеч қандай таҳлилсиз хабар қилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё инсон ҳуқуқи тушунчасининг душмани бўлган сохта “Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази”нинг фаолиятини такомиллаштириш ҳақида кеча қарор имзолабди.

Бу қарорнинг қандай шармандалик ҳужжат эканлигини унинг қуйидаги асосий моддаси кўрсатиб турибди:

«Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази (кейинги ўринларда – Марказ) инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади».

Жаноб Шавкат Мирзиё, наҳотки билмайсизки, ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар, биринчи навбатда, мавжуд ҳокимият ва давлат тизимининг ўзбошимчиликларига, яни улар томонидан инсон ҳуқуқларининг топталишига қарши фаолият олиб борадилар, ҳуқуқлари топталаётганларни ҳимоя қиладилар. Шундай экан, бундай ташкилотнинг Ислом Карим томонидан тузилиши қандай шармандалик бўлган бўлса, Сизнинг бу қарорингиз ҳам шундай шармандаликдир. Бу ташкилотга у тузилгандан бери раҳбарлик қилиб келаётган Акмал Саид эса, “инсон ҳуқуқи” нималигини ҳам билмайдиган, ватанимиз ва халқимизнинг душманидир.

Мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни билишни истасангиз Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг фаолиятини кузатиб боринг, Ўзбекистонда демократиянинг уруғларини сочиш билан ҳам шуғулланаётган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг жарчиси - “Ҳаракат” Агентлигининг хабарларини ўқинг. Ўзбекистонда демократияни ривожлантиришни ўйлаётган бўлсангиз, ишни “Бирлик” ва “Ҳаракат”ни расман тан олишдан, расмиятчилик тилида айтсак, уларни Адлия Вазирлигида рўйхатга олдиришдан бошланг.