08 December 2018
18:15 - Шавкат Мирзиё: Ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт! “Ҳаракат”: “Бирлик”сиз ҳеч нарса қилолмайсиз, жаноб Мирзиё, Миграция Агентлиги туздингиз, нима бўлди? Демократиясиз олға кетиб бўлмайди!
Мамлакатимизда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг қўғирчоқ ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз хабар қилишларича, кеча бу режимнинг раҳбари Шавкат Мирзиё “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида” номли фармонни имзолабди, кейин Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда нутқ сўзлабди.

Фармон ҳам, нутқ ҳам, баландпарвоз умумий гаплардан иборат. Бир неча кун аввал Шавкат Мирзиё ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ҳамда пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид 2 та қарор чиқаргани устидан, у ердаги масхабозликларни айтиб, роса кулган эдик.

Минг афсуски, Шавкат Мирзиёнинг соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чиқарган кечаги фармони ва кейин Конституция кунига бағишлаб сўзлаган нутқи ҳам масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Асосли гапираётганимизни исботлаш учун кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Аммо, бу фармон ва нутқдан биттадан мисол келтириш билан чекланамиз.

Шавкат Мирзиё соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чиқарган кечаги фармонида Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 1995 йилга нисбатан 4,6 йилга ошгани ва бугунги кунда 73,7 йилни ташкил этаётганини урғулаган. Аммо, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти 2018 йилга келиб, Ўзбекистонда ўртача умр 69,4 йил эканлигини кўрсатган. Солиштириш учун айтамизки, ўртача умр Қозоғистон ва Тожикистонда 70,2 ва 69,7 йил. Яъни, Шавкат Мирзиё худди Ислом Карим каби масхарабозлик қилиб, ёлғон гапирмоқда.

Энди унинг Конституция кунига бағишлаб сўзлаган нутқига келсак. У ерда Шавкат Мирзиё шундай дебди: “Агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу.”

Жойи келгани учун яна бир марта эслатиш керакки, “Бирлик” Партияси йиллардан бери “ватанимизда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш кераклигини, сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш каби ғоялар ётса, иқтисодий ислоҳотларнинг марказида тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси ётиши кераклигини айтиб келмоқда.

Қаранг, Шавкат Мирзиё гўёки “Бирлик”нинг “тўла бозор иқтисодиётига ўтиш” таклифини “ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт” шаклида қабул қилмоқда, аммо “Бирлик”га раҳмат айтишни унутибди.

Аслида, “Бирлик” Шавкат Мирзиёнинг раҳматига муҳтож эмас, аммо у “Бирлик”сиз олға кетолмайди. Мана оддий бир мисол. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат 1995 йили ёзган мақоласида яқинда жуда кўп ўзбеклар бир бурда нонга пул топиш учун Россияга кетишга мажбур бўлишларини башорат қилиб, уларга ёрдам бериш учун уларнинг муаммолари билан шуғулланиган вазирлик яратиш кераклигини ёзган эди. 2008 йили Абдураҳим Пўлат ўша пайтдаги президент Ислом Каримга шу ҳақда мактуб ҳам йўллаган.

Ҳа, Ислом Карим Абдураҳим Пўлатнинг таклифига эътибор бермади. Аммо, 10 йилчадан кейин Шавкат Мирзиё меҳнат муҳожирларининг муаммолари билан шуғулланадиган вазирлик бўлмаса ҳам, Агентлик яратди. Бироқ, 10 кун аввал Бандлик ва Меҳнат Муносабатлари Вазирлиги ҳузуридаги Ташқи Меҳнат Миграцияси масалалари Агентлигининг директори Равшан Ибрагимов, ўринбосари Улуғбек Назаров ва яна 20 тача пастроқ даражадаги ходимлари Жанубий Кореяга ишга борувчи юзлаб кишилардан (ҳар бир кишидан 5 минг доллар миқдорида) жами 20 миллион доллар атрофида пул йиғиб олганлари сабабли ҳибсга олиндилар.

Шавкат Мирзиё жаноби олийлари! Кўраябсизми, “Бирлик”нинг таклифи билан очган Агентлигингиз ҳам порахўрлик ботқоғида қолибди. Демократия бўлмас экан, ҳеч нарсани тузатолмайсиз!

Шу сабабли, аввалари ҳам кўп марта айтган гапларимизни такрорлаймиз. Эй, ўзбеклар! Кўзингизни очинг, бунақа президент, бундай тожиклар режими, бу режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари билан келажагимиз йўқ. Майдонларга чиқиб, Шавкат Мирзиёдан ва унинг тожиклар режимидан ватанимизда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни, хабарчи/журналистлардан бўлаётган воқеаларни объектив ёритишни талаб қиладиган вақт келиб бўлди.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, демократик мухолифат билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Ҳурматли ўқувчиларимиз! Бундай таҳлилий хабаримизга жиддий эътибор беринг. Бу хабарга ва умуман бу саҳифага "ёқтириш" (лайк) белгиси қўйиш билан ватанимзнинг келажаги ҳақида ўйлаётганингизни кўрсатинг.

Расмда - Абдураҳим Пўлат ва Шавкат Мирзиё.