07 December 2018
08:21 - Кеча Петербургда Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг расмий, МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтди

Евросиё Иқтисодий Иттифоқига кирувчи Россия, Белорусия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон президентлари кеча куннинг биринчи ярмида Санкт-Петербургда расмий йиғилиш/саммит ўтказдилар. Кун тартибида 3 масала бор эди:

- Маҳсулот ва хизматлар умумий бозорини яратиш, савдо-инвестицион алоқаларни ривожлантириш, ишлаб-чиқариш ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, самарали логистик-занжирларни шакллантириш бўйича янги қилинадиган ишлар;
- Валюта-молиявий ва пул-кредит сиёсатларини бир-бирига яқинлаштириш;
- Ижтимоий-инсоний ва таълим соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш.

Бу саммитда қандай қарорлар қабул қилингани хабарларда айтилмайди.

Тушдан кейин МДҲга аъзо бўлган 10 давлат - Россия, Белорусия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон (норасмий аъзо), Ўзбекистон, Озорбайжон, Арманистон ва Молдова президентларининг норасмий йиғилиш/саммити ўтказилди. Бу норасмий саммит аввалдан тайёрланган кун тартиби билан эмас, ҳар ким тарафидан ўртага ташланган масалаларни муҳокама қилиш руҳида ўтказилибди. Қандай масалалар муҳокама қилингани, нималарга келишилгани хабарларда айтилмайди. Тахмин қилиш мумкинки, ҳар бир президент ўз мамлакатидаги муаммоларни ечиш учун бошқаларнинг ёрдамини олишга ҳаракат қилган. Аммо, ҳозир ҳамма оғир аҳволда экан, бирон фойдали келишувга эришилмагани ўз-ўзидан маълум. Президентлар ўзаро ҳасратлашиб олганларигина фойдали бўлган бўлиши мумкин.

Расмда – МДҲ норасмий саммитининг қатнашчилари, энг чапдаги 11-чи киши МДҲнинг ижрочи директори Сергей Лебедев.