01 December 2018
15:40 - Тошкентда Қозоғистон фуқароси ҳибсга олинди: У 52 нафар ўзбекистонлик тириклайин ёниб кетган автобус эгаси эди
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, 2018 йил 20 ноябрь куни Сергели туманида ўтказилган қўшма тезкор-қидирув тадбирлари давомида давлатлараро қидирувда бўлган О.М. қўлга олинган. 22 ноябрда уни экстрадиция қилиш масаласи ҳал қилинмагунга қадар, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли муассасасига жойлаштирилди. Ҳибсдаги шахсни Қозоғистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топшириш тартиби Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги халқаро ҳуқуқий келишувларга кўра ўтказилади.

Маълумки, 2018 йил 18 январь куни, тахминан 10.30 ларда “Самара-Чимкент” автомобиль йўлининг 1068-километрида икки қаватли “Kassbohrer” русумидаги автобус ёниб кетган эди. Бу вақтда салонда 57 киши бўлган. Ҳодиса оқибатида Ўзбекистон Республикасининг 52 нафар фуқароси ҳалок бўлди, 5 киши жароҳатланди.

Ушбу автобус Қозоғистон Республикасининг фуқароси 46 ёшли О.М.га тегишли эди. У Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларига бормай, терговдан қочиб юрганди. Уни Қозоғистон Республикасида Жиноят кодексининг 348-моддаси 4-қисми бўйича яъни “Автомобилларни сифатсиз даражада таъмирлаш ёки уларнинг техник носозлик билан қўллаш” жиноятини содир этганликда айблашмоқда. // ЎзА