28 November 2018
07:20 - Бугун Грузия/Гуржистонда президент сайловларининг 2-чи тури бошланди

Аввалги хабарларимздан маълумки, Гуржистонда президент сайловларининг 1-чи тури шу йил 28 октябрда 25 номзоднинг иштирокида бўлиб ўтган ва ўзини мустақил номзод деб эълон қилган бўлса ҳам, ҳокимиятдаги “Гуржилар Орзуси Партияси” тарафидан қўллаб-қувватланган Саломе Зурабишвили 38,64%, аввалги президент Михаил Саакашвилининг “Умум Миллий Ҳаракат Партияси” асосида тузилган Бирлашган Мухолифат Коалициясининг номзоди Григол Вашадзе 37,74% овоз олиб, иккинчи турга чиққан эдилар.

Мана бугун 2-чи тур бошланди. Айтиш керакки, бир неча йил аввал “Умум Миллий Ҳаракат Партияси”дан айрилиб чиққан партиялар ҳам 2-чи турда Григол Вашадзени қўллаб-қууватлашга қарор қилганлар, демак, айнан Григол Вашадзе 2-чи турда ғалаба қозонишининг эҳтимоллиги катта. У “ғалаба қозонсам, Михаил Саакашвилининг ватанга қайтишига рухсат бераман” деб сайвловолди ваъдаси ҳам берган.

Нима бўлганда ҳам, охирги 30 кунда Гуржистон ва унинг оммавий ахборот воситаларида катта жанг бўлди, икки тараф ҳам ўзининг номзоди ғалаба қозониши учун курашди ва икки тараф ҳам ўз номзоди ғалаба қозонишини башорат қилмоқда. Ҳозир чет элда яшашга мажбур бўлган аввалги Президент Михаил Саакашвили узоқдан туриб бўлса ҳам, сайловолди жангида фаол иштирок этди.

“Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги узоқдан туриб бўлса ҳам Григол Вашадзе ғалаба қолишини истайдилар ва шундай бўлишига умид билдирадилар.

Расмда - Григол Вашадзе ва Саломе Зурабишвили.