27 November 2018
07:45 - Kun.uz Интернет нашри масхарабозми, ёки ёлғончи? Табиий, ёлғончи!!

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг қўғирчоқ ахборот воситаларидан бири бўлган Kun.uz сайти 23-24 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказилган Инсон Ҳуқуқлари бўйича Осиё Форумида қатнашган  Бельгиядаги International Partnership for Human Rights (IPHR - Инсон Ҳуқуқлари учун Халқаро Ҳамкорлик) ташкилоти вакили Брижит Дьюфор билан суҳбатни кеча 26 ноябрда эълон қилди. Бу суҳбатга Kun.uz қўйган сарлавҳа, “Kun.uz сайти масхарабозми, ёки ёлғончи?” деган савол уйғоғотади. Жавоб ҳам биз айтгандек бўлади: “Табиий ёлғончи!!”

Гап шундаки, ҳар қандай хабарнинг сарлавҳаси шу хабарнинг моҳиятини ўзида акс эттириши керак. Kun.uz эса, Брижит Дьюфор билан ўтказилган суҳбатни хабар қилиб Интернетга жойлаштирар экан, унга шундай сарлавҳа қўйибди: “IPHR эксперти: Ўзбекистон президенти ислоҳотларини олқишлаш мумкин”.

Аслида, шундайми? Йўқ. Мана, Kun.uz мухбири Толиб Раҳматовнинг “Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни қандай баҳолайсиз?” деган саволига жавоб:

* * * * *
Брижит Дьюфор: Саволингиз учун раҳмат. Ташкилотимнинг қараши шундайки, ислоҳотлар олқишланиши керак. Биз Президент томонидан интилишлар борлигини кўрмоқдамиз, бироқ эҳтиёткорликка иқтисодий сабаблар асос бўлаётгани эҳтимол. Шу билан бир вақтда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётганини кўрмаяпмиз.

Биз жойларда кўп ҳам ўзгаришларни гувоҳ(и) бўлганимиз йўқ. Биз давлат мулозимлари билан учрашганимизда кўплаб ижобий жиҳатларни эшитаяпмиз. Аммо, ҳаётда кам учратмоқдамиз.

Мисол учун, халқаро ташкилотлар экспертлари учрашуви бўлиб ўтди. Тожикистон, Қирғизистондан кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари қатнашди. Аммо, Ўзбекистоннинг ноҳукумат ташкилотлари вакиллари жуда камчиликни ташкил этди. Чунки, бизларни таклиф қилишган, лекин уларни илгарироқ таклиф қилишмаган.

Жойлардаги ҳақиқий ҳолат ҳақида гапирадиган бўлсак, қоғозда ёзилаётган нарсалар ҳаётга татбиқ этилиши жуда муҳимдир. Бунда фуқаролик жамиятлари ўрни беқиёсдир. Биз Ўзбекистонда кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари хусусида қайғурмоқдамиз, афсуски, кўплаб ҳамкорларимиз ННТларини рўйхатдан ўтказа олишмаган. Чунки, рўйхатдан ўтиш имкониятига эга бўлиш ҳам жуда мураккаб жараёндир.

* * * * *

Қаранг, Брижит Дьюфор хоним ислоҳотларни “олқишлаш мумкин” демаган, янада кучлироқ қилиб, “олқишланиши керак” деган. Аммо, кейинги гапларида Шавкат Мирзиё гўёки ислоҳотлар деб айтаётган нарсалар масхарабозликдан бошқа нарса эмаслигини, улар ҳаётга тадбиқ этилаётгани кўринмаётганини урғулаган. Ўзбекистонлик бор-йўғи бир нечта мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси Самарқанддаги йиғилишга охирги дақиқаларда таклиф қилинганини ҳам чиройли қилиб эслатиб ўтган.

Толиб Раҳматовнинг “Самарқанд Форумидан нималарни кутмоқдасиз?” саволига берилган жавоб бу Форум ташкилотчиларига шапалоқдан бошқа нарса эмас: “Менимча, бу форум ҳозирча, рамзий маънога эга. Баландпарвоз гаплар ва анжуманлар, мамлакатнинг очиқлигини кўрсатиши керакдек.”

Кўриб турибмизки, аслида, Брижит Дьюфор хоним “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” билан ҳамфикр экан. Нима ҳам дердик, Kun.uz нашрининг асл башарасини жуда яхши кўрсатиб берибсиз, офарин, хоним!