26 November 2018
12:18 - Керч кўрфазига кираётган Украинанинг 3 ҳарбий кемаси русларнинг чегара қўшинлари тарафидан ушлаб кетилди

Кечаги хабаримизда Украинанинг 3 ҳарбий кемаси Азов денгизи соҳилидаги расман Украинаники бўлган, аммо ҳозир Россия тарафидан босиб олинган Қримнинг биқинидаги Керч кўрфазига кириб бораётганида рус ҳарбий кемалари уларга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилаётганларини билдирган эдик. Маълум бўлишича, рус кемалари Украинанинг кемаларини ўққа ҳам тутишган, Украина ҳарбийлари ичида ярадорлар бўлган. Кейин Украинанинг “Бердянск”, “Никополь” ва “Яни Капу” номли кемалари рус кемалари қуршовида Керч шаҳри тарафига мажбуран олиб кетилган.

Украина ва Россия раҳбариятидагилар кечаси билан ухлашмади дейиш мумкин. УКраинанинг Президент Петр Порошенко парламентни фавқулодда ҳолат эълон қилишга чақирди, бу орада Миллий Хавфсизик ва Мудофаа Кенгаши мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилиб ҳам бўлди. Украина армияси тўла жанговор ҳолатга келтирилди. Россиянинг Федерал Хавфсизлик Хизмати эса, ярим кечаси гўёки ўз чегараларининг чет эл кемалари тарафидан бузилиши бўйича жиноий иш ҳам қўзғади.

Ярим кечаси, аввал Украина, кейин Россия БМТга мурожаат қилиб Хавфсизлик Кенгашининг мажлисини чақиришини сўрашди. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хайли Хавфсизлик Кенгашининг мажлиси бугун Нью-Йорк вақти билан соат 12 да бошланишини эълон ҳам қилди.