25 November 2018
07:12 - Интерпол Бош Ассамблеясининг 87-сессиясида унинг Президенти этиб Жанубий Корея вакили Ким Чон Ян сайланди
Жиноий ишлар бўйича Жаҳон Полицияси – Интерполнинг Дубай шаҳрида ўтган 87-чи сессиясида 21 ноябрь куни бу ташкилотнинг янги президенти этиб, шу пайтгача Бош вице-президент бўлган Жанубий Корея вакили Ким Чон Ян (расмда) сайланди. Президентликка сайловда Россиянинг вакили, 2016 йилдан бери Интерполнинг вице-президенти лавозимида ишлаб келаётган Александр Прокопчук ҳам иштирок этди. Аммо, кўпчилик Ким Чон Янга овоз берди. Аввалги Президент, Хитой вакили Мэн Хунвэй қандайдир ишлари билан Хитойга борганда коррупция билан айбланиб, шу йил 5 октябрда ҳибсга олинганди.

1914 йилда тузилган Интерполга ҳозир 192 давлат киради. Унинг бош қароргоҳи Франциянинг Лион шаҳрида жойлашган. 87-чи сессияда Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармуҳамедов бошчилигидаги делегация қатнашди. У кимга овоз берганини билмаймиз. Ҳар ҳолда, ўз хўжайинларидан бири Александр Прокопчукка бўлса керак.

Одатда Интерпол президенти 4 йилга сайланади, аммо аввалги президент Мэн Хунвэйнинг муддати тугашига 2 йил қолгани сабабли, Ким Чон Ян айнан шу 2 йилга сайланибди. У ҳозир 57 ёшда, Университетни битиргандан бери Жанубия Кореянинг полициясида ишлаб келган.