24 November 2018
18:03 - Шавкат Мирзиёнинг Навоий кон-металлургия комбинатининг 60 йиллиги бўйича табриги ва кўпчилик билмайдиган Қувондиқ Санақулов ҳақидаги аччиқ ҳақиқатлар

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА кеча ва ундан олдинги кун ҳеч қандай таҳлилсиз шу режимнинг раҳбари, айни замонда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёнинг Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда Навоий шаҳри ташкил этилганининг 60 йиллиги муносабати билан табрикномасини ва жамоатчилик фаолларидан бир гуруҳини турли унвон ва орден-медаллар билан мукофотлаш ҳақидаги фармонини эълон қилди.

Маълумки, Навоий шаҳри ҳамда Навоий кон-металлургия комбинати 1958 йилда расмий шаҳар ва давлат комбинати мақомини олганлар. Бундай мақомлар қайси куни берилгани ҳақида ҳеч бир ерда маълумот тополмадик. Тахмин қилиши мумкинки, кон-металургия комбинати СССР давлатининг ўта яширин корхоналаридан бири бўлгани сабабли, унга қачон шундай мақом берилганини Шавкат Мирзиё ҳам билмаса керак.

Навоий кон-металлургия комбинати олтин, уран ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар қазиб олиш билан шуғулланади. Табиий, уларнинг ҳажми ҳам расман ҳеч қаерда очиқча айтилмайди. Аммо, жуда кўп манбалардан олинган маълумотлар асосида тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистонда асосан шу комбинат ва бошқа кичкина корхоналар ҳар йили 100 тонна атрофида олтин чиқаришади. Олтиннинг нархи жуда тез тушиб-чиқиб туриши сабабли, бунча олтиннинг нархи 3-5 миллиард доллар деб тахмин қилиш мумкин.

Ҳар қандай давлат иқтисодиётининг асосий кўрсатгичи бўлган Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми Ўзбекистонда бу йил 35 млрд доллар атрофида, Давлат Бюджетининг даромад ва ҳаражат қисмлари тахминан 7,7 млрд доллар атрофида эканлигини, Россия ва бошқа мамлакатларда ишлаётган ўзбеклардан ҳар йили Ўзбекистонга 5 млрд доллар атрофида пул келишини ҳисобга олсак, олтиндан келаётган фойда жуда каттадир.

Совет замонида бу комбинат расман ва феълан Москваники эди, бу ерда чиқарилган олтиннинг ҳаммаси шу ерда қурилган аэропорт орқали тўғри Россияга олиб кетиларди. Ўбекистон раҳбарлари ҳам у ерда қанча олтин ишлаб чиқарилаётганини билмасдилар. Ислом Карим 1989 йили Ўзбекистоннинг бошига ўтқазилгандан кейин шу комбинатнинг шаҳабчаларидан бирига кирмоқчи бўлганда, уни киритишмаган.

Яна эслатиш керакки, Навоий вилоятида ҳозир тахминан 900 минг, Навоий шаҳрида эса, бор-йўғи 200 минг киши яшайди. Бундан ҳам қизиғи, аҳолисининг сони бўйича жажжи десак бўладиган бу вилоятда 3 та аэропорт бор – Навоий халқаро аэропорти, Учқудуқ ва Зарафшон аэропортлари.

Эътибор беринг, аҳолиси фақатгина Сирдарё вилоятидан бироз кўпроқ бўлган Навоий вилоятида 3 та аэропорт бор. Бор-йўғи 200 минг киши яшайдиган ва Навоий номи билан аталаган митти шаҳарчада эса, халқаро аэропорт бор.

Навоий кон-металлургия комбинатининг раҳбарлари ва ишчилари асосан Россиядан келган руслар эди. Ҳозир бу соҳада ҳам вазият ўзгарди. Комбинатга биринчи марта Бош директор қилиб миллати номаълум, аммо исми-шарифи ўзбекча-қозоқчага ўхшайдиган Қувондик Санақулов 2008 йили тайинланган. Бундан ҳам қизиғи, бу киши 2004 йилдан бери Олий Мажлис Сенатининг ўзгармас Сенаторидир.

“Ҳаракат” Агентлиги 2012 йил 26 январда ишончли манбага асосланиб, Навоий кон-металлургия комбинати директори, Сенатор Қувондиқ Санақулов ҳибсга олинганини биринчи бўлиб хабар қилган эди. Шундан кейин бу хабар ҳатто Россия ахборот воситалари томонидан ҳам эълон қилинди. Ҳукуматнинг қўғирчоқ сайтлари эртаси куни бизнинг хабарни рад этдилар, аммо давлатнинг расмийлари, жумладан, Олий Мажлиснинг Сенати суст қолди. Ўшанда бундай хабар бекорга тарқалмаган, қандайдир можаро бўлган, аммо Қувондиқ Санақулов ғалаба қозонган. Мана орадан йиллар ўтди, Қувондиқ Санақулов ҳали ҳам Сенатор, ҳали ҳам Бош директор, аммо ҳеч бир ерда кўринмайди ҳисоб, унинг номи ҳеч бир ерда тилга олинмайди ҳисоб.

Юқорида айтилган фикрларни мужассамлаштириб тахмин қилиш мумкинки, Навоий кон-металлургия комбинати ҳалигача феълан Москванинг қўлида, бу ерда ишлаб чиқарилган олтиннинг катта қисми, ёки ҳаммаси, Навоий, Учқудуқ ва Зарафшон аэропортлари воситасида Россияга олиб кетилади. Қувондиқ Санақулов ҳам Москвага бўйсунади, унинг чет эллардаги банкларда миллиардлаб доллар пули бор, ўзининг шахсий учоғида истаган пайтда Парижга бориб кўнгил очиб келади. Мукофатланганларнинг рўйхатини ҳам унинг одамлари тайёрлашган. Шавкат Мирзиё у билан кўришганда, тиз чўкмаса ҳам, қуллиқ қилади.