20 November 2018
02:44 - “Ҳаракат” хатқутисига келган Ғуломжон Норматнинг “Светни ўчиманглар” шеъри билан танишинг
СВЕТНИ ЎЧИРМАНГЛАР

Ёздаку ой асқотар,
Шом кеч, эрта тонг отар.
Қишда хўп оғир ботар,
Светни ўчирманглар!

Зулматда жиноят жам,
Ҳузур ҳам ҳаловат кам.
Нархи осмон бўлса ҳам,
Светни ўчирманглар!

Кексалар, гўдаклар бор,
Лампочкага боқар зор.
Кенг дунёни қилиб тор,
Светни ўчирманглар!

Ҳадик турар битса кун,
Ёшми-қари бағри хун.
Кундуз майли қурса тун,
Светни ўчирманглар!

Меҳрлик мўминга мос,
Хуш хулқи ҳуснига хос.
Бўлса имкон илтимос,
Светни ўчирманглар!

Иссиқ сув йўқ ёр хафа,
Тўй ярмида тор хафа.
Бир мен эмас бор хафа,
Светни ўчирманглар!

Ўтмиш мерос шамми ё?
Кеч саккиздан дамми ё?
Газ пастлиги камми ё?
Светни ўчирманглар!

Сериалда сўнг гумон,
Дасти хотин бағриқон.
Бўлиб сахий,меҳрибон,
Светни ўчирманглар!

Байт ўқиб жим турмасдан,
Жулдур хаёл сурмасдан.
Боғча,мактаб қурмасдан,
Светни ўчирманглар!

Кимдадир йўқ қасд, ўчим,
Дунё не келмоқ, кўчим.
ТЭТдан битта ўтинчим,
Светни ўчирманглар!

Юртим обод, қўлда эрк,
Баҳоналар бўлди берк.
Эл дер Султон айтгандек,
Светни ўчирманглар!

Ғуломжон Нормат
16.11.2018-й