17 November 2018
14:27 - Калифорниядаги ёнғинлар одам ўлдиришда ислом террористларидан ҳам даҳшатлироқ эканлиги маълум бўлди, террористлар билан музокараларни севадиган Шавкат Мирзиё қани?

АҚШнинг энг бой Калифорния штати шу кунларда мислсиз катта ёнғинлар ичида қолди. Охирги хабарларга кўра, бу ёнғинларда ҳалок бўлганларнинг сони 70 дан, ғойиб бўлганларнинг сони мингдан ошди, яна 57 минг уй ёнғин остида қолиши мумкин. 20 миллион кишининг ҳаёти ҳали ҳам хавф остида, уларнинг ярим миллиони хавфли зоналардан эвакуация қилинди.

Бу штатда яшайдиган сон-саноқсиз миллиардер ва миллионерлар ҳукуматнинг махсус хизматларига қўшилиб, халққа ердам бериш учун қўлларида бор бўлган ҳамма молиявий имконияларни ишга солмоқдалар. Штатнинг санъатчилар яшайдиган ва рамзий маънода Жаннат деб аталадиган минтақасидаги санъат юлдузлари ташқарига қочиб қолиш устида ўйламоқдалар.

Қаранг, табиий офат ислом террористларидан ҳам кучли чиқмоқда. Президент Доналд Трамп Калифорнияда фавқулодда ҳолат эълон қилди, аммо ўзи у ерга боришга шошилаётгани йўқ. Чунки, бориб нима қилишни ҳам билмайди. Шу сабабли унга маслаҳат бермоқчимиз.

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шават Мирзиё Афғонистонда “Толибон” террористлари билан музокаралар олиб бориб, у мамлакатдаги урушни тинч йўллар билан ҳал қилиш йўлини таклиф қилмоқда. Шундай экан, уни Калифорниядаги табиий офат билан ҳам шуғулланишга, табиий офат билан музокаралар олиб бориб, қурбонлар сонини камайтириш ва ёнғинларни тезроқ тўхтатиш устида ўйлашга чақириш керак.

Шундай қилинса, Шавкат Мирзиё Калифорниядаги қурбонларнинг сонини ҳаммадан бекитиш эвазигаёқ катта ютуқларга эришади. Ҳеч шубҳа йўқки, Калифорния халқи дарҳол Шавкат Мирзиёни ўзига губеранатор қилиб сайлаволишдан ҳам тоймайди. Ана ўшанда, ўзбек халқи эркин нафас олиб, ҳозирги ғариб аҳволдан чиқиш учун иш бошлайди, Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга йўл очилади. Маълум вақт ўзбекларнинг асосий шиори “Яшасин Калифорния!” бўлади.