07 November 2018
16:03 - АҚШдаги оралиқ сайловларида сенсация йўқ: Конгресснинг Вакиллар палатасида Демократик Партия 1-чи ўринга чиқди, Сенатда Республикачилар Партияси 1-чи ўринда қолди

АҚШ Конгрессининг Сенатида 100 аъзо, инглизчада расман Вакиллар Уйи деб аталадиган Вакиллар Палатасида 435 аъзо бор. Кеча Вакиллар Палатасининг ҳамма аъзолари, Сенатнинг 35 аъзоси қайтадан сайланди.

Кечагача Сенатда Республикачилар Партиясининг 54 аъзоси, Демокоратлар Партиясининг 44 аъзоси ва 2 нафар мустақил сенатор бор эди. Вакиллар Палатасида ҳам 244 аъзо билан Республикачилар Партияси лидерлик қилаётган эди, Демократик Партиянинг аъзолари сони 191 бўлган.

Кеча бўлиб ўтган сайловларнинг узул-кесил натижалари ҳали маълум бўлгани йўқ. Аммо, ҳозиргача саналган бюллетенларга кўра, Сенатда Республикачиларнинг сони 51 га тушди, Вакиллар Палатасида Демократларнинг сони 221 га чиқди. Демак, Сенатда Республикачилар Партияси, Вакиллар Палатасида Демократлар Партияси кўпчлик овозга эга бўлади.

АҚШнинг оммавий ахборот воситалари бу оралиқ сайловларида гўёки Доналд Трамп мағлубиятга учрагани, унинг халққа ёқмаётган ишлари туфайли Республикчилар Партияси Вакиллар Палатасида камчиликка айланганини айтиб айюҳаннос солмоқдалар.

Аслида, бундай эмас. АҚШ демократик давлат, ҳамма гап ҳар бир номзод ўз сайловчилари олдида ўзини қандай кўрсата олишидадир. Масалан, Барак Обама 2009 йили биринчи марта, 2013 йили 2-чи марта президентликка сайланди, яъни халқ уни қўллаб-қувватлаётган эди. Айнан ўша пайтда, тўғрироғи, 2011 йилда унинг Демократлар Партияси Вакиллар Палатасида 2-чи ўринга тушган, Республикачилар 1-чи ўринга чиққан эди. Мана, 8 йилдан кейин Демократлар Вакиллар Палатасада 1-чи ўринга қайта чиқдилар. Бундай ўзгаришлар АҚШ учун оддий ҳол.

АҚШнинг оммавий ахборот воситаларининг айюҳанносини тушуниш мумкин. 2016 йилдаги президент сайловларида АҚШнинг сал кам ҳамма катта ахборот воситалари Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлашса ҳам, "Ҳаракат" Агентлиги башорат қилганидек, ғалабани Доналд Трамп қозонган эди. Ҳозир ўша ахборот воситалари аламларини бироз чиқариб оладилар, холос.