05 November 2018
22:32 - Марказий Банк сўмнинг бошқа валюталарга нисбатан 6 ноябрда кучга кирадиган курсини эълон қилди, бечора сўмнинг қиймати яна тушибди

Марказий Банк сўнги йиллардаги анъанасини давом эттириб, 2018 йил 6 ноябрдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини эълон қилди. Мана баъзибир валюталарнинг сўмга нисбатан тайинланган янги ва аввалги (қавс ичида) курслари:

1 АҚШ доллари – 8249,97 сўм (8236,87 сўм)

1 ЕВРО - 9392,59 (9390,86)

1 Россия рубли - 124,67 (125,19)

1 Жанубий Корея вони - 7,39 (7,2)

1 Қувайт динори – 27203,38 (27143,18)

1 Хитой юани - 1197,49 (1186,44)

1 Туркия лираси - 1519,72 (1473,00)

Кўриб турибмизки, бу рўйхатдаги Россия рублидан бошқа ҳамма валюталарнинг қийматлари сўмга нисбатан ортган. Минг афсуски, дунёда ҳукмронлик қилаётган АҚШ долларининг курса яна ҳам юксалибди, бир ҳафтада 13,10 сўмга ортиб, 8249,97 сўмга чиқибди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг охирида, яъни сўм девальвация қилиниб, уни эркин конвертация қилиш бошланмасдан аввал, 1 доллар 8100 сўмдан бироз юқорида эди. Кейин Ўзбекистон Марказий Банки 900 млн доллар пул ишлатиб, шу йилнинг 1 августигача долларнинг курсини 7781 сўмга туширишга эришди. Марказий Банк сўмнинг курсини ушлаб туриш учун пул ишлатолмай қолиши билан, яъни орадан 3 ой ўтиб, бугун 1 доллар 8249,97 сўмга чиқди. Яъни, шу вақт ичида сўмимизнинг долларга нисбатан курси 6 фоизчага тушди.

Аввалги хабарлармиздан маълумки, ҳар қандай давлат иқтисодиётининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бу йил 2017 йилга нисбатан кескин, яъни 20 фоизга тушиши кутилмоқда. Демак, иқтисодиётимиз сўмдан кўра кўпроқ ўпирилмоқда. Тахмин қилиш мумкинки, Марказий Банк сўмни ўпирилишдан санъий равишда сақлаб турибди. Демак, қора бозор гуллайверади.