28 October 2018
18:18 - Бугун Грузияда президент сайловлари: Сўровномаларга кўра, 1-чи ўринда Саакашвилининг партиясидан номзод Григол Вашадзе, 2-чи ўринда Саломе Зурабишвили

2013 йилда ўтказилган президент сайловларида россиялик миллиардер Бидзина Иванишвилининг пули билан яратилган ва феълан шу миллиардер тарафидан бошқариладиган “Гуржилар Орзуси” Партиясининг номзоди Георгий Маргвелашвили ғалаба қозонган ва ўшандан бери президентлик курсисида ўтирарди. Маълумки, Бидзина Иванишвили ёлғондакам айбномалар билан Михаил Саакашвилига қарши жиноий иш очтиргани сабабли, Саакашвили ўз мамлакатини тарк этган ва ҳозир чет элларда яшамоқда.

Бугунги сайловларда 2 номзод ўртасида асосий кураш бўлади. Булар Саакашвилининг “Умум Миллий Ҳаракат Партияси” асосида тузилган Бирлашган Мухолифат Коалициясининг номзоди Григол Вашадзе ва ўзини мустақил номзод сифатида кўрсатган, аммо Бидзина Иванишвилининг “Гуржилар Орзуси” Партияси тарафидан очиқча қўллаб-қувватланаётган Саломе Зурабишвилидир. Эслатиш керакки, Саакашвили президент бўлган йиллари Саломе Зурабишвили ҳам, Григол Вашадзе ҳам, ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаганлар. Аммо, Саломе Зурабишвили Саакашвили билан чиқишолмай тезда истеъфога кетган ва ўшандан бери Саакашвилининг душманидир.

АҚШлик Edison Research ташкилоти сайлов арафасида ўтказган сўровномаларига кўра, Григол Вашадзе 31 фоиз, Саломе Зурабишвили 28 фоиз овоз олиши мумкин. Бошқа икки номзод анча кам овоз олиши кутилмоқда. Аммо, “Гуржилар Орзуси” Партияси ўз сўровномасининг натижаларига асосланиб, Саломе Зурабишвили биринчи ўринда эканлигини иддао қилмоқда. Нима бўлганда ҳам, сайловнинг ғолиби 2-чи турда аниқланса керак.