28 October 2018
03:24 - Роберт Бауэрс исмли антисемит АҚШда яҳудийларнинг ибодатхонасига ҳужум қилиб, 11 кишини ўлдирди
Дунё ахборот воситаларининг сўнги соатлардаги асосий хабари – АҚШнинг Пенсилвания штатидаги Питсбург шаҳрида яҳудийларнинг ибодатхонаси, яъни синагогага Роберт Бауэрс исмли оқ танли қурол билан ҳужум қилиб, у ердаги яҳудийларни отишга бошлагани ва турли хабарларга кўра, 11 кишини ўлдириб, яна бир неча кишини ярадор қилганидир. 48 ёшдаги оқ танли бу антисемит/террорист синагогага “Ҳамма яҳудийларга ўлим” деб бақириб кирибди.

Воқеа маҳаллий вақт билан эрталаб, яҳудийлар шанба ибодатини ўткзаётган пайтда бўлган. Маълумки, жума – мусулмонларнинг, якшанба – насронийларнинг ҳафтадаги муҳим ва асосий куни бўлгани каби, шанба - яҳдийларнинг ҳафтадаги муҳим ва асосий кунидир. Айнан шу ҳужум қилинган пайтда синагогада шанба ибодатидан ташқари, мусулмонлар суннат деб айтадиган маросим ҳам бўлаётган ёки бўлиши керак экан.

Милтиғи ва бир нечта тўппончаси бўлган антисемит/террорист полиция билан ҳам отишмага кирибди, ярадор бўлибди ва охир-оқибатда таслим бўлибди. Собиқ яҳудий руҳоний Рабби Чак Даймонд сўнги йилларда яҳудийлар кўп яшайдиган шу атрорфда антисемитизм кайфияти кучиб бораётганини сезганини айтгани ҳам хабарларда урғуланмоқда.

АҚШ Президенти Доналд Трамп бу терактни қораловчи оғзаки баёнот берган ва “Мамлактимизда бунчалик нафрат борлиги даҳшатлидир” деган. Исроил Бош вазири Бенямин Натаняхунинг баёнотида қуйидаги сўзлар бор: “Мени Питсбургадаги даҳшатли воқеа ич-ичимдан титратди ва юрагимни пачалади. Бутун Исроил халқи қурбонлар оиласи билан қайғу ичида. Биз Питсбургнинг яҳудий жамоасини қўллаб-қувватлаймиз”.

Ҳа, Питсбургада ростдан ҳам ўта даҳшатли қонли воқеа юз берди. Инсонлик сифатини йўқотмаганлар қурбонлар оиласининг қайғусига қўшилишлари керак.