27 October 2018
22:49 - Масхарабозлик: Туркия, Россия, Германия ва Франция раҳбарларининг Истанбулдаги бир тийинга қиммат учрашуви. “Бирлик” ва “Ҳаракат”: Ислом дини фундаментал ислоҳотларга муҳтож


Истанбулда бугун Туркия, Россия, Франция президентлари Ражаб Эрдўған, Владимир Путин, Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Ангела Маркел Суриядаги аҳволни муҳокама қилиш ва боши берк кўчадан чиқиш йўллари ҳақида келишиш мақсадида учрашдилар. Улар бир неча соатлик музокаралардан кейин қўшма баёнот қабул қилганларини айтиб, матбуот конференциясига ўхшаш бир тадбир ўтказдилар.

Тарқатилган хабарлардан кўринмоқдаки, бу ерда ҳеч қандай янгилик бўлмаган, 4 давлат раҳбари Сурия масаласидаги боши берк кўчадан чиқиш учун қуролли куч ишлатишга эмас, сиёсий-дипломатик воситаларга урғу бериш хусусида келишганлар. Айнан шу нарса масхарабозликдир. Чунки, бу каби йиғилишларда ҳамма сиёсий-дипломатик воситаларга урғу бериш ҳақида гапирса ҳам, аслида ҳамма нарса қурол кучи билан ҳал қилинарди.

Бу каби конфликтларда қуролдан воз кечиш учун, конфликтнинг моҳиятини тушуниш муҳимдир. Ҳамма гап шундаки, Сурия аҳолисининг 93 фоизи мусулмонлар, аммо мусулмонларнинг 73 фоизи сунний бўлишига қарамасдан, ҳокимиятни узоқ йиллардан бери мусулмонларнинг 13 фоизини ташқил қилувчи шиаларнинг алавийликка яқин оқими қўлда ушлаб турибди.

Айнан шу сабабдан, суннийларнинг аввалига ИШИД (Ироқ-Шом Исломий Давлати), кейин Исломий Давлат, яъни Халифалик деб аталган террористик ташкилоти тезлик билан кучга кирди ва у тезда шиалар ҳокимиятини ағдариши шубҳасиз эди. Аммо, Дамасқда ўтирган шиалар ҳокимиятини Россия ва Эрон қўллаб-қуввалатганлари сабабли, Ироқ ва Сурияда катта уруш бошланди, ҳозир Халифалик тўла мағлубият остонасига келди. Аммо, Сурияда (Ироқда ҳам) сунний-шиалар кураши, тўғрироғи, уруши тўхтамайди.

Бундай урушларни тўхтатишнинг ягона йўли – “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги узоқ йиллардан бери гапириб келаётганидек, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Айнан шундагина, дин давлат ишларига аралашмайдиган бўлади, “шиалар ҳокимияти”, “суннийлар ҳокимияти” каби тушунчалар йўқ бўлади, шиалар ва суннийлар бирликда ва тинчликда яшашни ўрганадилар.