14 October 2018
07:48 - Ўзбекистон аҳолисининг сони 33 миллиондан ортибди, юрт ташқарисида ишлаётганлар бунинг ичидами?
Давлат Статистика Қўмитаси ахборот хизматига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, мамлакатимиз доимий аҳолиси сони 2018 йил 1 октябрь ҳолатига 33 миллион 85 минг кишидан ортган ва йил бошига нисбатан 428,5 минг нафарга ёки 1,3 %га ўсган.

Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16728,2 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,6 %), қишлоқ аҳолиси сони 16357,0 минг кишини (49,4 %) ташкил этди.

Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йил 1 октябрь ҳолатига энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3777,8 минг киши (республика аҳолиси сонидаги улуши 11,4 %ни) ва Фарғона вилоятида 3665,6 минг киши (11,1 %), аксинча энг кам аҳоли сони Сирдарё вилоятида 825,8 минг киши(2,5 %) ва Навоий вилоятида 969,7 минг кишига (2,9 %) етган.

Ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори ўсиш суръати 2017 йилнинг мос даврига нисбатан Сурхондарё вилоятида 2,2 %ни, Самарқанд вилоятида 2,1 %ни, Қашқадарё вилоятида 2,0 %ни, Жиззах ва Наманган вилоятларида 1,9 %ни ва Тошкент шаҳрида 1,8%ни, аксинча энг кам ўсиш суръати Тошкент вилоятида 1,2 %ни ва Қорақалпоғистон Республикасида 1,4%ни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2018 йил 1 январь ҳолатига 32,65 млн киши бўлгани, шу йилнинг январь-сентябрь ойларида 553,4 мингта бола туғилгани, 112,6 мингта ўлим қайд этилгани ҳам хабарларда айтилади.

Айни замонда саволлар туғилади: Давлат Статистика Қўмитаси “доимий аҳоли” деганда нимани тушунади? Сони миллиондан ортиб кетган ватандошларимиз Россия, Қозоғистон, Туркия ва бошқа мамлакатларда ойлаб-йиллаб оилаларини кўролмасдан ишламоқдалар. Улар Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси ҳисобланадими, ёки йўқми? Шунча ватандошимиз ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланмаган ҳолда чет элларда ишлаётгани мавжуд режим хизматкорларини қизиқтирадими, ёки йўқми? Аҳолининг ўзи бу ҳақда нималарни ўйлайди?