13 October 2018
07:16 - Кеча Душанбеда ШҲТнинг ҳукумат раҳбарлари, Тошкентда МДҲнинг мудофаа вазирлари расмиятчилик учун йиғилишлар ўтказдилар

Душанбеда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига кирувчи 8 мамлакатнинг (Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон) ҳукумат раҳбарлари навбатдаги йиғилишларини ўтказдилар. Бу йиғилишда муҳим масалалар муҳокама қилингани ва тегишли қарорлар қабул қилингани айтилса ҳам, аслида, кўпроқ қоғозда бўлган бу ташкилотга кирувчи давлатларнинг ҳукумат раҳбарлари расмиятчилик учунгина тўплангандилар. Бу ташкилотга аъзо бўлган Ҳиндистон ва Покистон ўзаро уруш остонасидаги давлатлар эканлигини ҳисобга олсак, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Эътиборга лойиқ бўлган ягона воқеа - ШҲТнинг ҳукумат раҳбарларини Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қабул қилгани бўлди (биринчи расмда).



Тошкентда эса, Мустақил Ҳамдўстлик Ташкилотига кирувчи 8 мамлакатнинг (Россия, Белорусь, Арманистон, Озорбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон) мудофаа вазирлари тўпландилар. ШҲТдан фарқли ўлароқ, МДҲ маълум маънода СССРнинг давомчиси сифатида реаликка яқин ташкилотдир. Аммо, мудофаа масаласида МДҲ ичида жиддий ҳамкорлик борлигини гапириш ножиддийлик бўларди. Озорбайжон ва Арманистон ўзаро уруш ичида эканликларини ҳисобга олсак, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмаслигини ҳар қандай одам тушунади. Нима бўлса ҳам, тўпланган вазирлар қандайдир масалаларни муҳокама қилишибди ва эътиборга лойиқ бўлмаган қандайдир ҳужжатларни имзолашибди.

Бу ерда ҳам эътиборга лойиқ бўлган ягона воқеа – мудофаа вазирларининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё тарафидан қабул қилиниши бўлган (иккинчи расмда).