12 October 2018
19:19 - Ражаб Эрдўған Доналд Трамп олдида ҳам тиз чўкди ва АҚШлик руҳоний Брансонни озод қилди
Аввалги хабарлармиздан маълумки, Туркияда 2016 йил 15 июлда фатхулла-гуленчилар тарафидан уюштирилган давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича 200 мингдан кўпроқ киши ҳибсга олинган бўлиб, уларнинг ичида АҚШлик руҳоний (пастор) Эндрю Брансон ҳам бор эди. Аслида, у Фатхулла Гуленни Ражаб Эрдўғандан яхшироқ исломчи деб ҳисоблар экан холос.

АҚШнинг Ташқи Ишлар Вазири туркиялик ҳамкасби билан бир неча марта гаплашиб, айбсиз Эндрю Брансонни озод қилишни сўради. Шу йил август ойи бошларида АҚШ Президенти Доналд Трамп ҳам Туркия Президенти билан шу ҳақда гаплашди. Туркия бироз чекиниб, пастор Эндрю Брансонни ўй қамоғига ўтказди. Аммо, буни етарсиз деб ҳисоблаган Доналд Трамп Туркияга қарши санкциялар киритди, Турк лираси долларга нисбатан чўкишга бошлади. Мамлакат иқтисодиётининг келажаги ҳам катта хавф остида қолди.

Ражаб Эрдўған баландпарвоз баёнотлар бериб, Туркияни ҳеч ким тиз чўктиролмаслиги, турк лирасини ҳеч ким қадрсизлантиролмаслиги ҳақида баландпарвоз баёнотлар берса ҳам, амалда турк лираси тезлик билан чўкишга бошлади. 2 кун аввал эса, АҚШ ва Туркия яширинча келишганлари, тезда пастор Брансон озод қилиниши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Бугун Измирдаги Оғир Жиноятлар Суди номигагина навбатдаги мажлисини ўтказди, пастор Брансонни номигагина сўроққа тутди, сўнгра уни 3 йили 1 ой ва 15 кунга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Аммо, у анча вақт қамоқда бўлгани ҳисобга олиниб, суд залидёқ озод қилинди. Энди АҚШ ҳам ўз санкцияларини бекор қилса керак.

Сўнги йилларда Ражаб Эрдўған Исроил ва Россия билан жанжалларга кириб, аввалига ҳеч кимдан қўрқмаслиги ҳақида баёнотлар берса ҳам, охир-оқибатда бу икки мамлакат олдида тиз чўккан эди. Мана бугун у АҚШ олдида ҳам шундай қилишга мажбур бўлди.

Туркларнинг “Миллиёт” газетасидан олинган расмда бугун судга олиниб келинаётган пастор Брансонни кўрмоқдасиз.