10 October 2018
14:04 - Турк аслли АҚШ олими, Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар шу кунларда Ўзбекистонга келади

ЎзАнинг бугун тарқатилган хабарида айтилишича, 15-22 октябрь кунлари Ўзбекистон Миллий Университети раҳбарияти таклифига биноан АҚШнинг Шимолий Каролина Университети биокимё ва биофизика профессори, 2015 йил Нобель мукофоти совриндори бўлган Азиз Санжар Ўзбекистонга ташриф буюради.

Ташриф давомида профессор Азиз Санжар бир қатор тадбирларда иштирок этиб, молекуляр биология соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларимиз билан тажриба алмашади ҳамда республикамизнинг ёш олимларини инновацион илмий-тадқиқот фаолияти билан кенг шуғулланишда ўз тажрибаларини бўлишади.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий университетида “Азиз Санжар: сарҳадсиз билим ичра кечган ҳаёт” деб номланган халқаро илмий анжуман ўтказилиши режалаштирилган. Профессор таҳсил олувчилар ва тадқиқотчиларга “ДНКнинг тикланиши, саратон ва кимёвий даволаш” мавзусида онлайн маъруза ўтади. Мазкур маъруза республиканинг барча ОТМлари видеоконференция студияларида трансляция қилинади.

Анжуманда республика ҳамда хорижий давлатлардан етакчи олимлар, Ўзбекистон Фанлар Академияси, вазирликлар ва элчихоналар вакиллари иштирок этадилар.

Аммо, нимагадир ЎзАнинг хабарида Азиз Санжар турк аслли эканлиги, Туркиянинг Ироқ билан чегардош Мардин вилоятида 1946 йили туғилгани, шу ердаги мактабда, кейин Истанбул Университети Тиббиёт факультетида таълим олгандан кейин АҚШга кетгани айтилмайди. “Ҳаракат” Агентлиги буларни Азиз Санжар Нобель мукофоти олганда берган хабарида эслатиб ўтган эди.

Нима бўлганда ҳам, бундай улуғ турк олимининг Ўзбекистонга келиши буюк воқеадир.