09 October 2018
14:54 - Бечора Англия: Буюкбритания Ички Ишлар Вазирлиги ислом терроризмининг хавфи 2 йилгача камаймаслигини айтибди. “Ҳаракат”: Ислом дини ислоҳотларга муҳтож!


Ҳамма Англия деб биладиган давлатнинг расмий номи Буюкбритания ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги бўлиб, унинг таркибига Англиядан ташқари Шотландия ва Шимолий Ирландия киради. Бу Қиролликда асосий ролни Англия ўйнаши ҳам кўпчиликка маълум. Аммо, ушбу хабаримиз учун булар муҳим эмас.

Муҳим бўлгани, Англияда чиқадиган The Sun нашри бу Қиролликнинг Ички Ишлар Вазири Сажид Жавидга асосланиб хабар беришича, бу йил хавфсизлик хизматлари тарафидан 12 та исломий терактнинг олди олинган ва яқин 2 йил ичида ислом терроризмининг хавфи сусаймайди. Хавф ҳатто ортиши ҳам мумкин.

Бу нашр Вазир Сажид Жавид (Sajid Javid, исмига ва расмига кўра мусулмонга ўхшайди) ва бошқа хавфсизлик хизматлари раҳбарларига асосланиб, террористик хавф даражаси 2014 йилдан бери юксаклигини, сўнги 3 йилда турли терактлардан 50 киши ҳалок бўлганини, ҳар қандай терактларга тайёр бўлиш кераклигини ҳам урғулайди.

The Sun нашри ислом терроризмининг илдизларига эътибор бермаётгани қизиқ, дейди “Ҳаракат” мухбири. Бу, аслида, фақат инглизларнинг эмас, бутун Ғарбнинг камчилигидир. Ғарб ислом терроризмини куч ишлатиш тадбирлари билан йўқ қилиш мумкин деб ҳисоблайди. Аслида, ислом терроризмининг илдизлари Ислом динининг Қуръонни хато тафсиридан келиб чиқувчи хато тушунчаларида эканлигини, демак, ислом терроризмини куч билан йўқ қилиб бўлмаслигини дунёда ҳаммадан олдин “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги айтиб келмоқда.

Бундан ҳам муҳими, ислом террозмини йўқ қилишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, авваламбор, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш кераклигидир. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат мусулмонлар Ислом динида бу каби ислоҳотлар ўтказишга тайёр эмасликлари, инсониятининг прогрессив қисми мусулмонларга бу масалада ёрдам бериши кераклигини ҳам урғулаб, бу хусусда АҚШнинг аввалги президенти Барак Обама ҳамда жорийдаги Президент Доналд Трампга бир неча марта мактублар ёзди. Аммо, ҳозирча Ғарб ҳам “Бирлик” ва “Ҳаракат” таклиф қилаётган қадамларни қилишга тайёр эмаслиги кўриниб бормоқда.

Шундай экан, ислом терроризмининг хавфи 2 йил эмас, Ислом уламолари Ислом динидаги муаммоларни тушуниб етмагунларича давом этаверади.