08 October 2018
17:49 - Марказий Банк Францияга кетган Шавкат Мирзиёнинг кайфиятини бузмаслик учун сўмнинг долларга нисбатан курсини озгинага туширибди

Маълумки, Марказий Банк ҳар душанба куни сўмнинг бошқа валюталарга нисбатан курсини эълон қиларди. Аммо, ўткан душанба, яъни 1 октябрда Шавкат Мирзиё Ҳиндистонда бўлган сабабли долларнинг сўмга нисбатан курси 100,38 сўмга кўтарилгани сешанба куни эълон қилинди.

Бугун эса, кеча кечаси расмий ташриф билан Францияга кетган Шавкат Мирзиёнинг кайфиятини бузмаслик учун Марказий Банкимиз бошқача айёрлик қилибди ва долларнинг курси сўмга нисбатан бор-йўғи 1,43 сўмга ортганини эълон қилибди. Ваҳолангки, ўтган ҳафтада долларнинг сўмга нисбатан курси 100,38 сўмга кўтарилганди.

Хуллас, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки 2018 йил 9 октябрдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини эълон қилди. Мана баъзибир валюталарнинг сўмга нисбатан тайинланган янги ва қавс ичида 2 октябрда эълон қилинган курси:

1 АҚШ доллари - 8181,08 сўм (8179,66 сўм)

1 ЕВРО - 9427,06 (9468,77)

1 Россия рубли - 122,73 (125,84)

1 Жанубий Корея вони - 7,23 (7.35)

1 Қувайт динори - 26968,22 (26951,1)

1 Хитой юани - 1191,19 (1190,98)

1 Туркия лираси - 1334,10 (1380,30)

Кўриб турибмизки, Россия рубли, Жанубий Корея вони ва Туркия лирасининг қийматлари сўмга нисбатан бироз тушган. Россия рубли ва Туркия лираси АҚШнинг бу икки мамлакатга қарши киритган санкциялари туфайли ботмоқда. Аммо, Жанубий Корея вонининг курси тушишининг сабаби бошқа. Маълумки, 2 кун аввал бу мамлакатнинг собиқ президенти коррупцион схемаларга аралашиб қолгани туфайли суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганди, бу воқеа Жанубий Корея валютасини ҳам урганга ўхшайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг охирида, яъни сўм девальвация қилиниб, уни эркин конвертация қилиш бошланмасдан аввал, 1 доллар 8100 сўмдан ҳам юқорида эди. Кейин Ўзбекистон Марказий Банки 900 млн доллар пул ишлатиб, шу йилнинг 1 августигача долларнинг курсини 7781 сўмга туширишга эришди. Марказий Банк сўмнинг курсини ушлаб туриш учун пул ишлатолмай қолиши билан, яъни орадан 2 ойдан кўпроқ вақт ўтиб, бугун 1 доллар 8181,08 сўмга чиқди.

Кўриб турибмизкии, сўм девальвациядан аввалги ҳолга тушиб бўлди, Марказий Банк сўмнинг сунъий курси бўйича ишлашга ўтса, ўртага яна қора бозор чиқади. Нима ҳам дердик, бечора Ўзбекистонимиз ва унинг бечора сўми деймиз.