27 September 2018
15:40 - Жуда қизиқ: Шавкат Мирзиё Турзунзода шаҳридаги ТАЛКО заводига Белорусия эмас, Тожикистон президенти билан борди

Шу йил 12 сентябрдаги хабаримизда, тожикларнинг Asia-Plus Агентлигига асосланиб, 27-28 сентябрь кунлари Душанбеда МДҲ саммити бўлиши ва бу саммит доирасида Белорусия ва Ўзбекистон президентлари Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиё Тожикистон металлургларнинг шаҳри ҳисобланадиган Турзунзода шаҳрига бориб, у ердаги ТАЛКО (Тожикистон Алюминий Компанияси) заводининг иши билан танишиш ниятлари очиқланганини билдирган эдик.

“Ҳаракат” Агентлиги ТАЛКО заводи узоқ йиллар Ўзбекистон-Тожикистон алоқаларига қора соя соя солиб турганини урғулар экан, 3 нуқтага эътибор берган эди.

Биринчиси, Тожикистон-Ўзбекистон чегарасига яқин жойда жойлашган бу завод Ўзбекистоннинг экологияси учун ҳам хавфли бўлгани, Ўзбекистон қўшнимиздан хавфни камайтириш йўналишида керакли ишлар қилишни талаб қилиб, БМТгача шикоят билан чиқса ҳам, Тожикистон ҳеч нарса қилмагани.

Иккинчиси, бу завод Тожикистон иқтисодиётига катта фойда келтиришига қарамасдан, яъни бу завод экспорт қилаётган алюминий Тожикистонга келаётган валютанинг 75 фоизини ташкил қилишига қарамасдан, тожиклар Ўзбекистондан бу завод учун олинаётган табиий газга ўз вақтида пул тўламай келганлари.

Учинчиси. Ўзбекистондаги тожиклар режимининг раҳбари Шавкат Мирзиё Ўзбекистоннинг манфаатларига тупириб, ҳаммага бу масала хусусида Ўзбекистон-Тожикистон муаммолари гўёки битгани ҳақида сигнал бериш учун ТАЛКОга бормоқчи эканлиги, Шавкат Мирзиёни ўзбеклардан кўпроқ тожикларнинг муаммолари қизиқтираётгани ва бу нарса ўзбекларни ўйлантириб қўйиши кераклиги.

Аммо, Ўзбекистондаги тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси бўлган ЎзА ҳеч қандай таҳлилсиз ҳозиргина хабар беришича, Шавкат Мирзиё ТАЛКО заводига Лукашенко билан эмас, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан борибди. ЎзАнинг умумий гаплардан иборат қисқа хабарида биттагина қизиқ жойи бор – икки президентнинг ТАЛКО заводи ишчи-хизматчилари билан тушган расми.

Расмга қаранг, оддий бир заводнинг ишчилари замонавий касалхонанинг ходимларидан ҳам яхши ва тозароқ кийимда ишлашмоқда экан. Ҳеч шубҳа йўқки, уларга айнан шу расм учун махсус кийимлар тиктиришган.

Яна шуни ҳам урғулаш керакки, хабарда бу завод туфайли икки мамлакат ўртасида чиққан низолар ва бу низоларнинг натижалари, бундан ташқари, бугун Душанбеда МДҲ саммити бўлиши умуман тилга олинмаган. Яъни, ўзбек журналистлари “Ҳаракат”нинг аввалги хабарида ўртага қўйилган актуал муаммолар билан мутлақо қизиқишмаган. Шармандалик!