28 August 2018
08:11 - “Эзгулик” фаоллари яна бир маҳкум билан учрашди (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг баёноти, 27 июнь, 2018 йил)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Жахон Обидова кўчаси 10/18-хонадонда яшовчи фуқаро Умида Абдуманнапова турмуш ўртоғи, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159- ва 244-моддалари билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган Рустам Абдуманнаповга ҳуқуқий кўмак бериш, унинг озод қилиниши учун давлат ҳокимияти органлари ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилишимизни сўраганди.

Шу муносабат билан жамиятимиз фаоли Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятининг кўмаги билан Қашқадарёнинг Шайхали пунктида жойлашган 64/33-сонли колонияда 19 август куни маҳкум билан учрашди. Маҳкумнинг ҳозирги аҳволи, соғлиғи, унга колония маъмуриятининг муносабатига оид саволлар берди.

Маҳкум ҳуқуқ фаоли билан суҳбат аввалида мамлакатнинг жорийдаги Президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумати яқин ўтмишдаги муаммоларни тўла трансформация қилаётгани, жиддий сиёсий қадамлар бошлаганини таъкидлади. Барча йўналишдаги ислоҳотларнинг самараси кўринаётганини урғулади. Хусусан, қамоқхоналарда маҳкумларга нисбатан сиёсатнинг ўзгаргани, уларнинг каттагина қисми озод қилингани ва шароитнинг тубдан ўзгарганини айтди.

Рустам Абдуманнаповга кўра, ҳозирда қамоқхона менюсида маҳкумларга оқсил, углеводларга бой таомлар берилмоқда. Колониянинг ресурс марказлари вақтли нашрлар, адабиётлар билан бойитилган. Қийноқ ва шафқатсиз муносабатлар йўқ. “Бу гапларни ташрифингиздан “илҳомланиб” айтаётганим йўқ. Ўзи шунақа, феълимда кимгадир ёқиш иштиёқида ёлғон гапириш иллати йўқ. Аксинча, бу ерда ўтирмасдим” деди Абдуманнапов.

Унинг иддаосича, ўзига нисбатан жиноят ишида процессуал камчиликлар кўп. Ҳозирда бу масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Олий судига шикоятлар берган. Унинг иши ўрганилиш жараёнида, у адолатли қарор қабул қилинишидан умидвор.
“Ҳукмда айтилгани каби хориждаги Салой Мадаминов сингари шахслардан пул олганим ёлғон. Аммо Республика Адлия вазирлигининг Х.Сулаймонова номидаги экспертиза маркази ходими ва оддий фуқаро сифатида айрим мақолаларни уларнинг сайтига юборганим рост. У менинг шахсий қарашларим бўлган. Шукурки, мен қаламга олган муаммолар янги ҳукумат тарафидан деярли ҳал қилинди” деди маҳкум Абдуманнапов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти юқори инстанция судларини Абдуманнапов иши юзасидан адолатли қарор чиқаришга чақиради.