26 August 2018
13:36 - Навбатдаги масхарабозлик: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Орол денгизини қутқаришмоқчи эмиш, улар 30 йил аввал қаерда эдилар?
Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА ҳеч қандай хабар беришича, 24 август куни Марказий Осиё давлатлари президентлари Шавкат Мирзиё, Қурбангули Бердимуҳамедов, Имомали Раҳмон, Нурсултон Назарбой ва Сооронбай Жээнбеков Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” сайёҳлик зонасида шу давлатлар тарафидан таъсис этилган “Оролни қутқариш халқаро жамғармаси” - ОҚХЖнинг мажлисини ўтказишган.

Бу йиғилишнинг масхарабозлиги жамғарманинг номидан ҳам кўриниб турибди, чунки, ўлиб бўлган Орол денгизни энди қутқариб бўлмаслигини ҳамма тушунади-ку.

Шу сабабли, тўппа-тўғри 30 йил аввал ноябрь ойида ўша пайтдаги машҳур “Новый Мир” журналининг Бош редактори Сергей Залигининг ташаббуси билан Москвада ўтказилган Орол денгизи муаммоларига бағишланган конференцияни эслашдан фойда бор.

1988 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистонни мустақилликка олиб келган “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Ташуббус гуруҳи тузилган эди. Ўша кунлар ҳақида “Бирлик”нинг асосчиларидан бири, “Бирлик” Халқ Ҳаракати асосида тузилган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг лидери Абдураҳим Пўлатнинг хотираларидан қуйидаги парчани ўқишдан фойда бор.

* * * * *

Ҳали ташкилий ишларимиз тузуккина йўлга қўйилмасидан аввал, янглишмасам, 1988 йил 15-25 ноябрь кунлари орасида ўзим аъзоси бўлган “Оролни сақлаш комитети”нинг бир гуруҳ фаоллари билан Орол денгизининг қуриши ва бунинг атрофидаги муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида ўша йиллари ўта машҳур бўлган “Новый мир” журнали ўтказаётган бутунитифоқ конференция ва конференция доирасидаги учрашувларда қатнашиш учун Москвага кетдим. Конференцияга ишида Марказий Осиёнинг ҳамма республикаларидан вакиллар ва экология масалалари билан шуғулланадиган москвалик олим ва ёзувчилар иштирок этишган. Бу конференция доирасида режалаштирилган ҳарбир тадбир муҳим аҳамиятга эга бўлган. Аммо, СССР мелиорация ва сув хўжалиги вазири Николай Васильев билан бур гуруҳ конференция қатнашчиларининг учрашуви энг камида икки нуқтаси билан тарихда қолиши муқаррар.

Биринчи нуқта. Николай Васильев яккаҳокимликка асосланган усулда иш юритиши туфайли, атрофидагилар уни сталинист вазир деб ҳам аташар экан. “Новый мир” журналининг Бош редактори Сергей Залигин бошчилигида 20 га яқин одам Николай Васильев билан учрашдик. Жуда яхши эсимда, унинг ўзи ўтирган креслодан тортиб, мажлислар столигача ҳамма нарса, у ерга кирган одамни оддий қул даражасига тушириб қўядиган даражада ҳашаматли эди.

Николай Васильев оддий коммунистик раҳбар сифатида бизга лекция ўқишга бошлади. Нимамиш, ҳамма нарса зўрмиш, Орол денгизининг қуриши каби нарсаларга маҳаллий раҳбарлар айбдормиш, Марказий Осиёда айнан шундай раҳбарлар ўзларини кўрсатиш, масалан, кўпроқ пахта етиштириш учун, қурғоқ ерларга сув олиб келиш билан шуғулланганлари сабабли Орол денгизи қуриятган эмиш. Унинг айтишича, айнан маҳаллий раҳбарларнинг ташшабуси билан сув кам бўлган Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистонда, Орол денгизига тушиши керак бўлган сув пахтачиликка ишлатилган эмиш.

Кўриниб турардики, бу сталининст вазир бизни тингламоқчи ҳам эмас. Тушундимки, у ўзи нутқ сўзлаб, кейин бирон нарсани баҳона қилиб, йиғилишни тўхтатади ва ҳаммамиз индамасдан чиқиб кетамиз. Нима қилиш керак, деб ўйлардим мен, чунки, бу ердан ёш болалардек алданиб чиқиб кетишни хоҳламасдим. Бундай нарсаларга табиатим билан чидолмасдим.

Нимадир бўлди, тўхтовсиз нутқ сўзлаётган вазир Васильев бир неча сонияга тўхтаб қолди. Мен дарҳол орага кирдим. “Нима, - дедим, - Сиз бизни Марказий Африка Республикасидан келганлар деб ўйлаяпсизми? Биз Совет системаси қандай ишлашини билмаймизми? Биламиз, ҳамма нарса юқорида ҳал қилинади, кейин пастдагиларга буйруқ берилади, улар буйруғингизга мувофиқ ташаббус билан чиқишади, сизлар уни тасдиқлайсизлар, холос. Яъни, Орол денгизи қуриятганининг сабабчилари сизлардир.”

Нима бўлганини тушуниш учун ўша ерда бўлиш керак. Сталининст вазир умрида эшитмаган шок терапияси усулидаги гапларим қаршисида шилқ этиб синди ва бутунлай бошқача оҳангда гапиришга бошлади. Мана унинг гаплари: “Сизлар билмайсизлар, бундай катта давлатни бошқариш осон эмас. Олдимизда сон-саноқсиз муаммолар бор, турли одамлар, турли манфаатлар бор. Бу жуда қийин иш”. Мен дарҳол унинг гапини кесдим: “Шундай қийин экан, истеъфога кетинг. Бошқалар қилсин бу ишни”.

Ўша куни америкаликларнинг “Озодлик” радиосини русча эшиттиришларига интервью берган Сергей Залигин шундай деди: “Бугун СССР тарихида биринчи марта давлат вазирининг истеъфоси талаб қилинди. Буни ўзбеклар қилдилар”.

* * * * *

Қаранг, 30 йил аввал Оролни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилган, Оролни сақлаб қолиш учун ҳеч нарса қилмаётган СССРнинг сталинист-вазирини истеъфога чақиришгача борган одамлар бор экан. Хўш, бор-йўғи 2 кун аввал Туркманбоши шаҳрида йиғилган Шавкат Мирзиё, Қурбангули Бердимуҳамедов, Имомали Раҳмон, Нурсултон Назарбой ва Сооронбай Жээнбеков 30 йил аввал қаерда эдилар? Улар феълан қуриб бўлган Орол денгизини энди қутқариб бўлмаслигини тушунмайдиган даражадаги содда одамларми? Улар 30 йил аввал Оролни сақлаб қолиш масаласи устида ўйлаган, СССРнинг сталинист вазирини истеъфога чақиришгача борган Абдураҳим Пўлат каби ҳақиқий фаолларни эслашдими? Ёки, улар Орол денгизи баҳонасида биргаликда кайф-сафо қилиб олиш учунгина Каспий Денгизи бўйидаги “Аваза” сайёҳлик зонасида тўпланишдими?

Табиий, айнан шундай бўлган. Расмда эса, Орол денгизининг бугунги ҳолини кўрмоқдасиз.