04 August 2018
18:35 - Хабарга арзийдиган хабар: Бекзод Усмон “Тошкент” Республика Фонд Биржаси бошқарув раиси этиб тайинланди
Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари ҳеч бир таҳлилсиз хабар қилишларича, кеча Бекзод Усмон (расмда) “Тошкент” Республика Фонд Биржаси бошқарув раиси вазифаини бажарувчи бўлибди. Аслида, Президент Шавкат Мирзиё бу лавозимга ўзининг одамини тайинлаганини гапириш керак. Чунки, Бекзод Усмон бу лавозимга тайинланмасдан аввал президент ҳузуридаги Миллий лойиҳа бошқаруви агентлиги, Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ва Иқтисодиёт вазирлигида фаолият кўрсатган экан, демак, Шавкат Мирзиёнинг чиғириқларидан ўтиб, унинг одамига айланиб бўлгани шубҳасиздир.

Аммо, Бекзод Усмоннинг бу лавозимга тайинланганини “хабарга арзийдиган хабар” деб баҳолашимизнинг орқасида яна бир муҳим фикр бор.

Гап шундаки, фондлар биржаси, ёки бозори – бозор иқтисодиёти билан яшаётган мамлакатларда жуда муҳим роль ўйнайди, чунки, айнан шу ерда турли қимматли қоғозлар ва валютадан ташқари, компания/ширкатларнинг акциялари сотилади. Бундай биржадаги вазият ва у ердаги турли тенденциялар – давлат иқтисодиётининг аҳволини ўзида акс эттиради.

Дунёдаги биржаларда уларнинг ичидаги вазият ва тенднцияларни кўрсатадиган махсус индекслар бўлади. Масалан, АҚШдаги Нью-Йорк Фондлар Биржасининг бир неча индекси бор. Асосийси – Dow Jones индексидир. Бу индекс АҚШдаги энг катта 30 ширкат акцияларининг ўртача нархини ўзида акс эттиради. Демак, бу индекснинг ортиши – катта ширкатлар акцияларининг нархи ортаётганини, мамлакат иқтисодиёти юксалаётганини кўрсатади.

Биздаги фонд биржасида бу каби индексларнинг ўзи йўқ. Демак, бу биржа бир тийинга қиммат нарсадир. Агар Шавкат Мирзиё ростдан ҳам мамлакатимзнинг ғариб аҳволдаги иқтисодиётини тузатишни ўйлаётган бўлса, авваллари ҳам кўп марта айтганимиздек, фундаментал ислоҳотлар бошлаши, Ўзбекистонни тўла бозор иқтисодиётига ўтказиши керак. Демак, "Тошкент” Республика Фонд Биржаси ширкатларнинг акцияларини олиб-сотадиган ҳақиқий биржага айлантирилиши, бу биржанинг Dow Jones каби индекс ёки индекслари яратилиши шарт.

Шавкат Мирзиё ўз одами Бекзод Усмонга айнан шундай топшириқ берди, деб умид қилиш лозим. Акс ҳолда, “Тошкент” Республика Фонд Биржаси ҳеч қачон ҳақиқий фондлар бозори бўлолмайди.