27 July 2018
19:26 - “Ёшлар” телеканали Халқ таълими вазири Шерзод Шерматни шарманда қилди, ўқитувчиларнинг ойлиги оширилмаслиги маълум бўлди

Бугун ижтимоий тармоқларда “Ёшлар” телеканали журналисти Халқ таълими вазири Шерзод Шермат билан ўқитувчиларнинг ойлиги масаласида ўтказган қисқа суҳбатнинг видеоси тарқтилди. Бечора вазир гапини у ёқдан бу ёққа айлантириб, яқин орада ўқитувчиларнинг ойлиги сезиларли даражада ошмаслигини айтишга мажбур бўлди. У гапнинг орасида ўқтувчиларнинг ойлиги Ўзбекистондаги ўртача ойликнинг 79 фоизини ташқил қилишини ҳам айтиб ўтди. Тушуниш мумкинки, ўзбек ўқитувчиларининг ҳозирги ойлиги 100 доллар атрафида. Яъни Қозоғистондаги дворникларнинг ойлигидан бир неча баробар кам.

Бизда 580 минглик ўқитувчилар жамоаси бор экан. Улар “Ҳаракат”нинг бу хабарини ўқигач, Қозоғистонга дворникклик қилиш учун қочиб қолишмасин. Уларни огоҳлантириш керак, Қозоғистонга бунча дворник керак эмас.

Шерзод Шермат ва “Ёшлар” телеканалининг журналисти бир масалада бараварига иккиюзламачилик қилишганини айтиш лозим. Нимамиш, мактабларда коррупция гуллаётган эмиш. Аслида, улар ҳамма тушунадиган “порахўрлик” сўзини ишлатишдан қўрқиб, атайлаб “коррупция” ҳақида гапиришди. Аммо, айнан порахўрлик гуллаб-яшнаётгани тушунарлидир. Чунки, ҳозир берилаётган ойликка қайси аҳмоқ ўқитувчи яшаши мумкин? Аммо, бошқа савол ҳам туғилади. Ўзбекистондек қашшоқ, аслида, гадой ўлкада оддий ўқувчиларнинг ота-оналари ўқитувчиларга бериш учун порага қаердан пул олмоқдалар?

Бу каби саволлар устида ўйласангиз, Ўзбекистон давлат сифатида ўлаётганини тан олишга тўғри келади. Шерзод Шермат ва “Ёшлар” телеканалининг журналисти бу мавзудан қочганлари – давлат ва халққа қарши қилинган жиноятдир. Очиғини айтиш керакки, Ўзбекистон бундай ғариб аҳволда эканлигида, журналистлармизнинг ҳам жиноят сифатидаги айблари етарлича бор.